Меню

Қашқадарё

02.06.2020 1569

ГУМБУЛОҚДАГИ КЎПРИКНИ СЕЛ ЮВИБ КЕТГАНМИ?

Мурожаат ва эътибор

Деҳқонобод тумани ҳокимлигига Гумбулоқ қишлоғидаги кўприк муаммоси акс этган видео келиб тушган. Унда айтилишича, 50 га яқин хонадон вакиллари фойдаланиб келаётган кўприк яроқсиз ва сел келиб ювиб кетган.

Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, қурилиш бўйича масъуллар, архитектура, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ва ободонлаштириш бошқармаси масъулларидан иборат ишчи гуруҳ айтилган жойга етиб борган.

Ҳолат ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам мазкур сел ўтиш йўлидан мавсумда бир ёки икки маротаба сел келиши, аммо йўлни ювиб кетмагани маълум бўлган. Боиси, сел ўтиш йўли бетонланган.

“Бу йўлдан ҳар йили мавсумда бир ёки икки маротаба сел келиши бор гап. Жорий йил бир марта сел келди. Икки-уч соат қатнов тўхтаб турди. Сел оқизиб келган тошларни трактор ёрдамида тозалаб, яна қатновни йўлга қўйдик”, дейди Гумбулоқ МФЙ раиси Норқобил Имомёров.

Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси фикрига кўра, мазкур йўл очиқ лоток шаклида қайта таъмирланса, фойдаланишда муаммо бўлмайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, туманда салкам 500 га яқин шундай сел ўтиш йўллари мавжуд бўлиб, ушбу йўллар тегишли дастурлар асосида таъмирлаб келинмоқда.

“Фойдаланиш учун энг хавфли кўринишга келган ва аҳолини қийнаб қўйган сел ўтиш йўли ва кўприкни биринчи таъмирлашга ҳаракат қилаяпмиз. Боиси, агар энг оғир вазиятдагига дастлаб эътибор қаратмасак, ўша ҳудуддаги аҳоли қийналиб қолиши тайин. Мазкур сел ўтиш йўли ҳам эътиборимизда ва албатта таъмирланади”, дея таъкидлаган Зоир Алиқулов.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!