Меню
Қашқадарё
"GULNOR" БРЕНДИ - НЬЮ-ЙОРКДАГИ НУФУЗЛИ КЎРГАЗМАДА
Қашқадарё ва дунё
Шу йилнинг февраль ойида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган "New York NOW: The Market for Handmade, Home and Lifestyle" кўргазма-савдосида Шаҳрисабзда "ироқи" услубида яратилган 70 дан ортиқ турдаги каштачилик маҳсулотлари намойиш этилади.
Бу ҳақда мухбиримизга шаҳрисабзлик таниқли ҳунарманд, "Gulnor art" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулнора Одилова хабар берди.
-Нью-Йоркда 1 февраль куни бошланиб, беш кун давом этадиган бу нуфузли ярмаркада "хэндмейд", яъни қўл меҳнати маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари ва "лайфстайл", яъни эркин ҳаёт тарзи учун зарур товарлар тақдим этилади ва сотилади, - деди ишбилармон аёл. - Бу кўргазма-савдода ўтган йили АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Филадельфия шаҳрида очилган "Gulnor" савдо уйим иштирок этади. Экспозициямиз менинг эскизларим ва корхонамиз буюртмаси асосида 350 нафар шаҳрисабзлик хотин-қиз томонидан табиий ипакдан ишланган энг сара каштачилик маҳсулотларидан иборат бўлади.
"Gulnor art" масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Элдор Аҳмедовнинг таъкидлашича, Нью-Йоркда намойиш этиладиган коллекция ўз ичига ироқи каштачилиги услубида яратилган ва безатилган аёллар сумкалари, кийим-кечаклар, оёқ кийимлари, ҳамёнлар ва уй аксессуарлари, яъни сўзаналар, ёстиқ жилдлар ва бошқа буюмларни олади.
- "New York NOW" кўргазмасида уларни намойиш этиб, "хэндмейд" маҳсулотларини улгуржи сотиб олувчи тадбиркорлар ва компаниялар билан шартномалар тузишни мўлжаллаяпмиз, - дея тушунтирди Элдор Аҳмедов. - Ушбу нуфузли тадбир биз учун АҚШдаги "Gulnor" савдо уйини янада кенгроқ реклама қилиш ва келажакда у орқали сотиладиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш нуқтаи назаридан ҳам жуда аҳамиятлидир. Шундан келиб чиқиб, Нью-Йоркда кўргазма бошланган кунда савдо уйимизнинг интернет дўкони ва ижтимоий тармоқларда ўзига хос савдо майдончалари очишни режалаштираяпмиз. Улар орқали нафақат АҚШ, балки бутун дунёга Шаҳрисабз ироқи каштачилиги маҳсулотлари етказиб беришни йўлга қўймоқчимиз.
Шу ўринда эслатиш жоизки, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмаги билан ўтган йилнинг ёзида очилган "Gulnor" савдо уйи 2019 йил август ойида ҳам "New York NOW" кўргазмасида иштирок этганди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида ушбу савдо уйида "Gulnor" бренди остида ипакдан тайёрланган текстиль маҳсулотлари сотилиши ҳамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар товарларининг кўргазма ва ярмаркалари ўтказилувчи доимий "шоу-рум" фаолият кўрсатиши маълум қилинганди. Мазкур хабарда, шунингдек, Нью-Йоркдаги кўргазмада "Gulnor" савдо уйи томонидан 20 минг долларлик маҳсулотлар сотилгани ва тадбир якунларига кўра ритейлерлар, дизайнерлар, чакана харидорлар билан 50 минг долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар имзолангани айтилганди.
Темур НИЗОМОВ