Меню
Қашқадарё
ГУЛЛАР ВА ҚУШЛАР БАЙРАМИ
Қарши туманида ўтказилган “Гуллар ва қушлар байрами” тадбири юқоридаги фикрларга ҳамоҳанг тарзда ташкил этилиб, унда тумандаги мактабларда таълим олаётган ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Ҳам ўзига хос экологик байрам, ҳам кўрик-танлов сифатида ўтказилган тадбирда турли-туман гуллар, сайроқи ва декоратив қушлар парвариши билан шуғулланаётган ўғил-қизларнинг табиатни асраш, яшил олам вакиллари ҳамда қанотли дўстларига бўлган муносабати чизган расмлари, шеърлари, тайёрлаган тар-ғибот плакатлари орқали акс эттирилди. Турфа гуллар ва қушлардан иборат кўргазма ташкил этилиб, ўқувчилар табиатга яқинлик, жониворларга ғамхўрликларини намойиш қилишди. Табиат ва экология борасида олинаётган билимлар юзасидан савол-жавоб ўтказилди.
- Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – ўқувчилар қалбида табиатга меҳр, қушлар ва ўсимликлар дунёсига тўғри муносабатни шакллантиришдан иборат, - дейди туман “Баркамол авлод” болалар маркази директори ўринбосари Фотима Мирзаева. - Зеро, табиатга меҳр болаликдан уйғонади. Тадбирда ўқувчиларимизнинг ўзгача иштиёқ билан иштирок этаётганини кўриб, бугунги ёшларимиз орасида табиатга меҳри баланд ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этишига амин бўлдик.
Уч йўналишда ўтказилган танлов натижаларига кўра, ғолиб жамоалар аниқланди. Тумандаги 4- ва 12-мактабларнинг ўқувчилари “Қушлар ва гуллар кўргазмаси” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритишди. Табиат, қушлар ҳаёти ҳақидаги викторина саволлари бўйича эса 33-мактаб жамоасига тенг келадигани топилмади. Кўрик-танловнинг “Тарғибот плакатини тайёрлаш” йўналиши бўйича тумандаги 10- ва 63-мактаб ўқувчилари бошқалардан устун эканликларини исботлашди.
Тадбир ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастури билан якунланди.
Х.АБДУЛЛАЕВА.