Меню

Қашқадарё

23.10.2024 573

Гул - гўзаллик, гул - кайфият, гул - даромад

Гул атрофга гўзаллик, кишига кайфият бағишлайдиган ўсимлик. Уни ўстириш нафақат кўнгилга роҳат олиб киради, бугун чўнтакка даромад ҳам бўлаяпти.

Китоб туманидаги “Иброҳимов Фазлиддин Шамсиддин ўғли” фермер хўжалигининг 0,7 гектар майдонида тажриба сифатида илк марта экилган хризантема гуллари айни пайтда қийғос очилган.

- Гулчилар хризантеманинг биз эккан турини, шакли ўхшаш бўлгани учун бўлса керак, “глобус” деб номлаб олишган, - дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ҳамроқул Турсунов. – У кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади. Май ойида эккан бўлсак, ҳозир сотишни бошладик. Бизда унинг беш хил рангда гуллайдиганлари мавжуд бўлиб, харидорларга 15 минг тупга яқин етказиб бердик.   

Илмий агротехник кўрсатмаларга амал қилиб экилса, бир гектар ерга 28 минг донадан ортиқ хризантема гул кўчатлари жойлашади. Агар апрель ойи ўрталарида экилиб, яхши парваришланса, сентябрга келиб очила бошлайди. Ана ундан кейин сотаверасиз. 

Ҳисоб-китоб қилсак, ҳозир савдода хризантема гули бир тупининг нархи 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача баҳоланаяпти. Шунинг ўртачаси (15 минг сўм)ни олиб, бир гектар ерда парваришланган гул (28 минг дона) кўчатлари сонига кўпайтирсак, даромад (420 миллион сўм) салмоғи қандай бўлиши ойдинлашади. Ёмон эмас, шундайми?!    

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!