Меню

Қашқадарё

04.08.2020 1388

GTL заводи бунёдкорлари учун карантин зоналари, госпиталь ва лабораториялар очилган

Вилоятимиз ҳудудида барпо этилаётган “Uzbekistan GTL” заводининг қурувчилари учун лойиҳа ҳудудида 1400 ўринга мўлжалланган махсус карантин зоналари ва 400 ўринли госпиталь ташкил қилинди.

Шунингдек, қурилиш майдонида  5 та “тез ёрдам” машинаси ва 30 дан зиёд тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги уюштирилиб, барча зарур дори-дармонлар захираси яратилган ҳамда коронавирус тестлари учун керакли жиҳозлар, пульсоксиметр, оксигенератор ва бошқа тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган махсус лаборатория фаолияти йўлга қўйилган.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг хабар беришича, ўтган шанба куни синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Uzbekistan GTL” заводининг қурилиш майдончасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов раҳбарлигида сайёр йиғилиш ўтказилиб, унда мамлакат ҳукумати томонидан лойиҳа бажарилишини таъминлаш юзасидан берилган топшириқлар ижроси ўрганилган ва қурилишни якунлаш билан боғлиқ муаммоли масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда айтилганидек, “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан гази негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси пудратчилар томонидан 90 фоизга бажарилган. Қурилиш майдонига асосий технологик ускуна ва қурилмаларнинг 93 фоизи етказилган, шундан 73 фоизи (яъни умумий оғирлиги 34,1 минг тоннага тенг ускуна ва қурилмалар) заводнинг технологик ҳудудида ўрнатилган.

“Uzbekistan GTL” раҳбари ахборот берар экан, қурилиш майдонида санитария-эпидемиология ҳолати яхшилангунига қадар ишчилар сони 11 минг нафардан 2 минг нафаргача камайтирилгани, лойиҳага жалб этилган ишчи ва ходимларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратилгани ҳамда иш ҳақи ўз вақтида тўланаётганини билдирди. Узоқ вақтдан буён завод қурилишида ишлаётган ҳиндистонлик, вьетнамлик ва хитойлик ишчиларни чартер рейслар билан уйларига қайтариш, уларнинг ўрнига эса маҳаллий ва хорижлик малакали мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилаётганини айтди.

Ташриф давомида Энергетика вазири завод бунёдкорлари ва мутахассислари учун яратилган меҳнат ва яшаш шароитларини ўрганиб чиқиб, “Uzbekistan GTL” ва Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳамкорлигида ташкил этилган қўшимча махсус лаборатория фаолияти билан танишди. Шунда ПЗР тестларни амалга ошириш учун харид қилинган ускуна ва дори-дармон захираси бўйича қўшимча топшириқлар берилиб, лойиҳа менежерларига ишчилар билан ҳар куни тарбиявий-тушунтириш, мотивацион суҳбатлар уюштириш, уларни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни фаоллаштириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, GTL заводини ишга тушириш ва созлаш ишларини сифатли бажарилишини таъминлаш, шу жараёнда иштирок этадиган ва кейинчалик заводни бошқарадиган мутахассисларнинг билим савияси, кўникма ва малакасини доимо ошириб бориш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Илгари хабар берганимиздек, вилоятимизда жорий йил июль ойи дастлабки ўн кунлигида коронавирусга чалинганлар сонининг кескин кўпайиши кузатилиб, COVID-19 га чалинганлар орасида “Uzbekistan GTL” заводи қурилишида иштирок этаётган кўплаб ишчи ва мутахассислар бўлган.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!