Меню

Қашқадарё

15.11.2018 1798

ГРУЗИЯЛИК ОЛИМЛАР БИЛАН ИЛМИЙ ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Меҳмонлар – профессорлар Гурам Чикивани (у айни вақтда Тбилиси мустақил университети Араб мамлакатлари ва Ислом    дунёсини ўрганиш илмий тадқиқотлар маркази директори бўлиб ҳам ишлайди) ва Звиади Схведиани университет профессор-ўқитувчилари билан бир қатор мулоқотлар олиб боришди ҳамда илм даргоҳлари ўртасида илмий ва методик тажриба алмашинуви, ўзаро қўллаб-қувватлаш борасида режалар тузиш жараёнида иштирок этишди.

– Айниқса, грузиялик меҳмонлар ва ўзбек филологияси факультети профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, магистрлари ҳамда талабалари иштирокида ўтказилган семинар қатнашчиларда катта таассурот қолдирди, – дейди университет адабиётшунослик кафедраси мудири, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов. – Унда таълим материалларини такомиллаштириш, илмий тадқиқот ишларини юксалтириш ва ўзаро алоқаларни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамкорликда иккита филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини тайёрлаб, ҳимоясини Европа илмий марказларидан бирида ўтказиш, камида битта халқаро илмий конференция ташкил этиш, Грузияда мавжуд ўзбек миллий маданий меросига доир қўлёзма манбаларни ўрганиш, битта халқаро андазаларга мос йиллик илмий журнал таъсис этиш ва доимий илмий фикр алмашинуви тадбирларини уюштириб бориш кабиларга келишиб олинди.

Мазкур ташриф келгусида университет ҳамкорлик алоқаларининг янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

А.ҚОБИЛОВ

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!