Меню

Қашқадарё

05.11.2016 2248

ГРАНТ ЛОЙИҲАЛАРИ

 

- Бизнинг “Тарихий-меъморий обидалар хорижий тилда сўзлайди” мавзуида ёзган лойиҳамиз махсус комиссия томонидан грант ажратишга лойиқ топилиб, молиялаштирилди, - дейди “Замон” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Гулбаҳор Эркаева. - Ушбу ло-йиҳа доирасида Қашқадарё харитасига асосланган андроид тизимда ишловчи дастурий мобиль илова тайёрладик. Вилоятимизга ташриф буюрган сайёҳлар у ёрдамида борадиган манзилларини бемалол, қийналмасдан топиб оладилар. Тўпланган маълумотлар бўйича эса рус, инглиз, немис, француз, корейс, испан тилларида қўлланма тайёрладик. Айни пайтда вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан “Ўзбектуризм” компанияси ҳомийлигида қўлланма 10 минг нусхада чоп этилаяпти.

“Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси Ғузор туман бўлинмаси ҳам фаол ННТлар сирасига киради. Асосан хотин-қизларни, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бўлинма томонидан ҳар йили тақдим этилаётган ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар жамоат фонди томонидан юқори баҳоланиб келинмоқда.

- “Гар қизинг бўлса тадбиркор, оилангда бўлур ҳар нарса бисёр” лойиҳаси бўйича 25 миллион сўм грант маблағини қўлга киритдик, - дейди бўлинма раҳбари Зулхумор Жабборова. - Лойиҳамизнинг асосий мақсади коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб этиш ва шу орқали оилалар бюджетини барқарорлаштиришдан иборат. Шу мақсадда биз  туманимиздаги қишлоқ хўжалиги ва транспорт коллежидан 60 нафар қизни уй шароитида бройлер зотли жўжа боқишга ўргатаяпмиз. Ўқув-семинарда асосан паррандачилик билан шуғулланаётган тажрибали тадбиркорларни жалб қилаяпмиз. Улар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, жўжаларни парвариш қилиш  ҳақида тўлиқ маълумот беришаяпти. Ўқув-машғулотлар тугаганидан сўнг қизларнинг ҳар бирига 30 тадан жўжа тарқатамиз. Улар парранда парваришлашга оид назарий билимларини амалда синаб кўришади. Мақсад аёлларга озгина маблағ ёрдамида ҳам оилавий тадбиркорликда улкан натижаларга эришиш мумкинлигини англатиш ва мустақил равишда ўз бизнесларини бошламоқчи бўлган қизларда дастлабки кўникма ҳосил қилишдан иборат. Бу йўналишда биз туман хотин-қизлар қўмитаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси билан ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

Эътиборлиси, жорий йилда яна бир қатор вилоятимиз ННТлари, хусусан, “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими “Ёш маънавий жавоҳир қидирувчилар”, Кўзи ожизлар жамияти Қамаши тумани бўлинмаси “Қамаши туманидаги кўзи ожиз ёшларни вилоятдаги тарихий қадамжолар ва бугунги кун бунёдкорлиги натижалари билан таништириш”, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Яккабоғ туман муассасаси “Буюк соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари қутлуғ тетапояси Хўжаилғор қишлоғидан бошланган Туронизамин фарзанди”, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят ҳудудий филиали “Она ва бола соғлом – оила тинч ва фаровон”, “Соғлом ҳаёт” жисмоний ва руҳий соғлиқни ҳимоя қилиш ва тиклаш маркази “Мактаб бинолари, атроф-муҳитни  соғломлаштириш учун соғлиқни сақлайдиган ва муҳитни яхшилайдиган зарур шароитларни яратиш, мактаб ўқувчиларининг экологик тарбияси ва соғлиғини мустаҳкамлаш профилактикаси”, “Осиё овози” маънавий-маърифий, ижтимоий-оммабоп газетаси таҳририяти “Ўзбекистоннинг беш тамойилга асосланган тараққиёти  йўли мутахассислар эътирофида, кенг жамоатчилик нигоҳида”, “Муборак ҳаёти” газетаси таҳририяти “Қонун устуворлигига эришиш – адолат барқарорлиги демакдир”, “Ғузор ҳаёти” газетаси таҳририяти “Ўз ҳуқуқини билган - ўзгалар ҳуқуқини ҳам қадрлайди”, “Воқиф” газетаси таҳририяти “Ҳар бир мурожаат эътиборда, мурожаатлар  натижаси газета кўзгусида”, “Навқирон” газетаси таҳририяти “Давлат ва ҳудудий дастурларда нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокини кенг жамоатчиликка тарғиб этишда босма ва интернет журналистикасининг ўрни”, www.voha-tv.uz маънавий-маърифий, ҳуқуқий-ижтимоий, кўнгилочар-оммабоп ахборот интернет телеканал сайти “www.voha-tv.uz  маънавий-маърифий, ҳуқуқий-ижтимоий, кўнгилочар-оммабоп ахборот сайтини яратиш орқали юртимиз бой тарихий-маданий мероси ва ноёб экспонатларга оид ахборотларни ўзбек ва рус тилларида овозли видео материаллар ва босма шаклларда тарқатиш” каби лойиҳалари билан фонд томонидан эълон қилинган грант танловларида иштирок этиб, ғолиб бўлишди.

- Шуни алоҳида қайд этиш лозим, сўнгги уч йил ичида Давлат дастурлари ижросида ННТларнинг иштироки жуда кенгайди, - дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг вилоят бўлими раҳбари, “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. - Бу, биринчидан, ННТлар фаолиятининг ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаоллашаётганлигидан, иккинчидан, ўз  Устав вазифаларини кенг миқёсда ташкил этиш реал имкониятининг ошаётганлигидан, учинчидан эса, ўзаро ижтимоий шериклик муносабатларининг кенгайиб бораётганидан далолатдир. Айни шу омиллар сабаб вилоятимиз ННТлари табиат муҳофазасига, ҳудудлардаги коммунал муаммоларнинг ҳал этилишига, тадбиркор  хотин-қизлар, ногиронлар манфаатларини ҳимоялашга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ва бошқа қатор хайрли тадбирларда фаоллик кўрсатмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!