Меню
Қашқадарё
"ГРАН-ПРИ" СОҲИБИГА 7 МИНГ АҚШ ДОЛЛАРИ ПУЛ МУКОФОТИ БЕРИЛАДИ
Фестивалда 120 кишилик вилоятимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон халқ бахшилари - Қаҳҳор ва Абдимурод Раҳимовлар, Очил Чоршанбиев ҳамда Махматмурод Ражабов кўп йиллик анъанага содиқ қолган ҳолда достонлар куйлайди. Шунингдек, устозлари изидан бораётган Чироқчи бахшичилик мактаби намоёндаси Санжар Чўбаев, нишонлик Бобошер Минглиев ҳамда Мурод Алиқулов ҳам ўз истеъдодини кўрсатишади.
Шунингдек, халқаро фестивалда вилоятимизнинг "Ризвонгул" ҳамда "Момогул" фольклор-этнографик халқ ансамбллари, раққосалар жамоаси ҳудудимизнинг ўзига хос дастурлари, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар каштачилик, гиламчилик, кулолчилик, мусиқа асбоблари ясаш усталарининг ўзига хос кўргазмалари билан қатнашмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими ижодкорлари томонидан тайёрланган 15 та ўтов, қадимий Оқсарой мажмуасининг катта ҳажмдаги рамзий макети ҳамда қадимий анъаналар, урф-одатларни акс эттирувчи бадиий ва амалий кўргазмалари майдонга ўзгача кўрк бағишлаши, хорижлик меҳмонларни қизиқтириши шубҳасиз.
Фестиваль давомида вилоятимиз моҳир ошпазлари томонидан тандир гўшти, ош, яхна, кўк сомсалар ва бошқа миллий таомлар тайёрланади.
Қарорга кўра, кўрик-танлов ғолибларини тақдирлашда ташкилий қўмита томонидан тайёрланган диплом, статуэтка ва "Гран-при" учун 7 минг АҚШ доллари, I ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) учун 2 та 5000 минг доллардан, II ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) учун 2 та 3500 доллардан, III ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) учун 2 та 2500 доллардан пул мукофотлари тақдим этилади.
Фестиваль 10 апрелга қадар давом этади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир ҳар икки йилда бир марта, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ўтказилади.
С.АЛЛАЁРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.