Меню
Қашқадарё
ГОЛЛАНДИЯДАГИ 101 ЎЗБЕК: ҲОЗИРЧА ҲОТАМ ҚОДИРОВ ВА ЗОЙИР МУРОДОВ НОМЛАРИ АНИҚ
Хўш, Ремко Рейдинг ким ва уни юртимизга қандай мақсад бошлаб келди?
У маҳаллий журналист бўлиб, 20 йилча олдин Нидерландиядаги совет қабристони ҳақида эшитади. Ўрганиш давомида қабристонда 865 совет жангчиси кўмилгани, улар орасида 101 аскарнинг шахси ва исми келтирилмагани, фақат “номаълум совет жангчиси” деган битик борлиги аён бўлади. Ушбу аскарлар кимлигини излаб, Ремко архив маълумотларини ўрганади.
Маълум бўлишича, 18-34 ёш оралиғидаги бу аскарлар ўзбек бўлиб, улар фашистлар Германияси собиқ иттифоқ ҳудудига бостириб кирганининг биринчи ҳафтасида Смоленск яқинида асирга олинган ва нацистлар қўл остидаги Голландияга, Амерсфортга келтирилган. Улардан 24 киши 1941 йилнинг қаҳратон қишидан омон чиқмайди. Бир қанчаси тиббий тажриба қурбони бўлади. Қолган 77 асир ишга ярамай қолганидан сўнг, концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланади.
Ўрганишларга кўра, ўзбек аскарлари фашистик Германиянинг ўта муҳим тадбири учун танлаб олинган. Адольф Гитлер шахсан Геббельс ва Гиммлерга пропаганда руҳидаги фильм олишни буюрган, унда Қизил армия аскарлари инсоний фазилатлардан маҳрум бўлган, кучсиз ва тараққий этмаган мавжудот сингари кўриниш бериши керак эди. Шунинг учун асирлар оч қолдирилиб, ҳатто сув ичиш ҳам тақиқланган. Буларнинг барчаси Москва учун жанг қилиш арафасида турган немис аскарлари руҳини кўтариш мақсадида қилинаётган эди. Фильм 1941 йилнинг ноябрь ойида намойиш этилиши керак бўлиб, суратга олиш гуруҳига рейхнинг энг яхши кинематографлари жалб этилади.
Фашистлар оч осиёликлар емак учун бир-бири билан қандай уришиб-талашишини кинокамерага тасвирга олишни исташади. Бироқ ўткир тиканли панжара ортидан улоқтирилган нонни асирлар ўзаро тенг бўлиб ейишгани уларнинг ҳафсаласини пир қилади.
- 101 маҳбус билан боғлиқ ҳужжатлар фашистлар томонидан йўқ қилиб юборилган, - дейди Ремко Рейдинг. – Бироқ биз бор кучимизни сарфлаб, бунинг охирига етишга ҳаракат қиламиз. Қонли уруш машаққатларига мардонавор бардош берган инсонларнинг яқинларини топишда ва уларнинг номлари тикланишида барчани фаолликка чорлаб қоламиз.
Қайд этиш лозим, делегациянинг асосий мақсади 101 аскар қариндошларини топишдан иборат. Бунинг учун тадқиқотчи Қарши, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқдаги архив маълумотларини ўрганишни бошлаган. Маълумотлар эса жуда кам. Концлагер қўриқчиси томонидан олинган ягона сурат, лагерда асирда бўлган голландиялик маҳбус томонидан чизилган 9 та портрет, оғзаки ҳикоялар, шу холос. Суратларнинг иккитасида “Ҳотам Қодиров” ва “Зойир Муродов” исмлари ёзилган. Изланишлар натижасидаги тахминларга кўра, Зойир Муродов қашқадарёлик бўлиши мумкин.
Тадбирда ушбу аскарлар шахсини аниқлашда келгусида қилинадиган ишлар юзасидан фикр алмашилди, таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шуни ҳам таъкидлаш лозим, айни пайтда 101 ўзбек жангчисининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган юксак жасоратига бағишланган бадиий фильм суратга олинмоқда. Суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия, Германия ва Голландияда бўлиб ўтади ва 2019-2020 йилга қадар давом этади.
Б.САЙФИЕВ