Меню
Қашқадарё
Глобал ўзгаришлар: САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕР(А)ДИ?
Дунёнинг бугунги экоманзарасига назар ташласак, бир томонда тропик ўлкалардаги ҳароратнинг кутилмаганда ва кескин пасайишини, иккинчи томонда эса аксинча – глобал исиш ҳодисаси сабаб шимолий диёрларда ҳарорат кўтарилиши натижасида асрий музликлар виқорига путур етаётганини кўрамиз. Бу аномал ҳодисанинг асл сабаби – кейинги асрда авж нуқтага чиққан иқлим ўзгаришлари. Мазкур масала дунё мутахассисларининг жиддий ташвишига сабаб бўлиб, унинг ечимини излаш йўлида йирик лойиҳалар ишлаб чиқилаяпти. Уларнинг амалда татбиқ этилиши учун катта-катта маблағ сарфланаяпти. Шу билан бирга, экологик кун сифатида белгиланган саналарда кўнгиллилар, эколог ва иқлимшунослар ташаббуси билан кўплаб акциялар, хайрия тадбирлари уюштирилаяпти. Мақсад - одамларнинг глобал экомуаммоларга муносабатини ўрганиш, уларнинг диққатини айни шу мавзуга тортиш, экологик маданиятни шакллантириш.
Экологик муҳим саналар қаторида ҳар йили дунё бўйлаб 8 декабрь – Бутунжаҳон иқлим муҳофазаси куни ҳам кенг нишонланади. Айни шу куни дунёнинг кўплаб давлатларида эколог ва табиатшунослар, кўнгиллилар томонидан жамоатчилик эътиборига энг долзарб муаммолар ҳавола этилади. Масалан, бундан 4 йил муқаддам Индонезиянинг Бали оролида БМТнинг иқлим ўзгаришларига бағишланган анжуманида барча давлатларда иқлим муҳофазаси бўйича аниқ чоралар кўришга чақирадиган резолюция лойиҳасини тузиш таклифи билан чиқилди. Бу таклиф Австралия ҳамда ЖАР томонидан ҳам билдирилди. Асосий талаб – ривожланган давлатларни атмосферага парник газлари чиқарилишини қисқартиришга мажбур этиш. Чунки дунё мутахассисларининг эътирофича, айнан иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларда атмосферага етказилаётган зарар йирик миқдорни ташкил қилади.
Умуман олганда, иқлим муҳофазаси нуфузли халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракати билан кечиктириб бўлмайдиган масала сифатида кун тартибига қўйилди. Масалан, ўтган йилнинг 30 ноябридан 11 декабрига қадар Парижда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенцияси аъзоларининг XXI конференциясида давлатлар иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган янги битимни имзолади. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар Ер юзидаги ҳарорат меъёрининг 1,5 даражадан ортиб кетмаслигини таъминлаш юзасидан муҳим вазифаларни келишиб олишди. Бу дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши экологик вазиятни ижобий томонга ўзгартириши мумкин. Париж келишуви жорий йилнинг 4 ноябридан кучга кирди.
Шу йилнинг сентябрь ойида Париж келишувининг энг катта тўсиғи олиб ташланди - АҚШ ва Хитойда мазкур ҳужжат ратификация қилинишига эришилди. Маълумки, атмосферага чиқарилаётган парник газларининг 39 фоизи шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. 21 сентябрга келиб эса битим яна 31 давлат қонунчилик органи томонидан ратификация қилинди ва бу иш амалга оширилган мамлакатлар сони 61 тага етди. 2 октябрда дунёнинг атмосферани энг кўп ифлослантириш борасида АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи ўринни забт этган давлати – Ҳиндистон бу лойиҳага қўшилди. 5 октябрда Европа Иттифоқи томонидан мазкур келишув қўллаб-қувватланди. Бу эса кўзланган навбатдаги мақсад – атмосфера ифлосланишида ҳиссаси 56,75 фоизни кўрсатадиган мамлакатларнинг розилигига эришилганини билдиради. Ўз навбатида, мазкур ҳолат агар инсоният аста-секинлик билан тикланмайдиган ресурслар – қазилма ёқилғилардан воз кечиб борса, энергиянинг қайта тикланадиган муқобил турларига ўтиш йўлини тўла танласа, яқин келажакда сайёра иқлими талафотларга қайта дуч келмайди ва экологик вазият, ниҳоят, барқарорлашиб, ҳарорат ўз меъёрида сақланиб қолади. Демакки, музликлар эриши, дунё уммони сатҳининг кўтарилишию бошқа кутилмаган аномал ҳодисаларга дуч келмаймиз, деб умидланиш мумкин...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА