Меню
Қашқадарё
Глобал фуқаролик – тинчлик сари йўл
Жорий йил Қарши шаҳридаги “Гранд Стар” меҳмонҳонасида Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан “Глобал фуқаролик – тинчлик сари йўл. Зўравон экстремизмнинг олдини олиш” мавзусига бағишланган навбатдаги семинар-тренинг ўтказилди.
Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилган бу тадбирда вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан келган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этишди.
Семинар-тренинг давомида унинг қатнашчилари “Глобал фуқаролик нима? Унинг бугунги ҳаётимиз ва келажагимиз учун қандай аҳамияти бор?”, “Бутун дунёда зўравон экстремизм қайси омиллар таъсирида кенг қулоч ёймоқда? Бунинг олдини олиш учун қандай йўл тутиш керак?” деган саволларга аниқ ва батафсил жавоблар олишди.
Тадбирда таъкидланганидек, “Глобал фуқаролик” деганда биргина миллий қадриятлар билан чегараланмаган, бирон-бир ҳудуд ёки ўзини ўзи индентификациялашнинг бошқа усули билан боғлиқ бўлмаган, ўз ичига умумжаҳон қадриятларни олган фуқаролик тушунилади. Шундай экан, глобал фуқаронинг мақсади инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий ҳисобдорликка ва халқаро бирдамликка эришиб, бағрикенглик, интеграциялашув ва хилма-хилликни тан олишнинг ҳам сўзда, ҳам амалда муҳим ўрин тутишини таъминлашга қаратилган.
Семинарда жамиятда зўравон экстремизмни келтириб чиқарадиган ва рағбатлантирадиган омиллар ҳақида ҳам сўз юритилиб, улар орасида ҳаракатлантирувчи, яъни тегишли муҳит, шарт-шароитлар яратадиган ҳамда жалб этувчи, яъни ғоя ва норозиликлардан бевосита экстремистик ҳаракатларга ўтишга ундайдиган омиллар борлиги тушунтирилди. Ҳаракатлантирувчи омиллар сирасига ижтимоий-иқтисодий имкониятлар етишмаслиги, маргиналлашув ва камситиш, самарасиз бошқарув, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигининг бузилиши, узоқ давом этаётган ва ҳал бўлмаётган низолар, алоҳида шароитларда радикаллашув каби омиллар киради. Жалб этувчи омиллар деганда эса шахсий ҳаётий тажриба ва мотивация, ҳукмронлик, зулмкорлик, қуллик ёки чет эл аралашуви туфайли жамоавий норозилик ва жабрланишлар, эътиқодларни, сиёсий мафкурани ёки этник ва маданий фарқларни бузиш ёки суиистеъмол қилиш, норасмий етакчилар ва ижтимоий тармоқлар таъсири каби омиллар тушунилади.
Интерфаол тарзда ўтказилган семинар-тренингда иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда иш олиб бориб, мавзуларни ўзлаштиришда ақлий ҳужум, бахс-мунозара ва бошқа самарали услублардан фойдаланишди. Олган билим ва кўникмаларини келгусида амалиётда қўллаш усулларини муҳокама қилишди.
“Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази мутахассислари юртимизда DVVнинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси мақсади ва кутилаётган натижалари ҳақида ҳам кенг маълумотлар беришди. Бунда, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари вакилларига психологик ва юридик маслаҳатлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгани алоҳида таъкидланиб, лойиҳанинг психологи, юристи ва ижтимоий ходими фаолиятидан мисоллар келтирилди.
Тадбир иштирокчилари унинг мавзуси долзарб, тақдим этилган маълумотлар эса фойдали эканини эътироф этиб, олинган билим ва кўникмаларни амалиётда кенг қўллашга тайёрлигини билдиришди ва шу каби семинар-тренинглар кўпроқ ташкил этилиши зарурлигини таъкидлашди.