Меню

Қашқадарё

04.08.2018 1730

ГИПЕРМАРКЕТ ҚУРИЛМАЙДИМИ?

Мана, орадан 3 йил ўтиб бораяпти ҳамки, собиқ сут комбинати ўрнида қад ростлаши керак бўлган гипермаркет қурилишида бирор силжиш йўқ. Бу орада вилоят марказида “Макро”, “Яшил бозор”, “Атлас” каби савдо мажмуалари ўз фаолиятини жадал йўлга қўйди ва гипермаркетнинг ҳозирги ҳолати улар билан беллаша олмаслиги ҳам кўриниб қолди. Яъни айни кўриниши билан, ёнида қўшимча объектлар қурилганда ҳам, каттароқ супермаркетдан нарига ўтмас, гипермаркет талабига жавоб беролмаслиги яққол сезилди. Ҳар ҳолда Тошкентдаги гипермаркетни кўрганмиз, эшитганмиз, унинг ёнида бу бино кичик дўкончадай бўлиб қолиши бор гап.

Хўш, гипермаркет қурилиши нега тўхтаб қолди ўзи? Ё умуман қурилмайдиган бўлдими?

Қарши шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Сирож Юсуповнинг айтишича, бу жойда гипермаркет қурилиши бўйича шаҳар ҳокимининг қарори чиқмаган. Тўғри, бир вақтлар бундай комплекс қуриш хусусида ташаббус бўлган, бироқ кейинги ишлар ўша ҳолича қолиб кетган.

Дарҳақиқат, 3 йил олдин бино фасади ўзгартирилган, қизғин ишлар бошланганди. “Евро эксел” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Шукуровнинг маълум қилишича, гипермаркет ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кирмаган, шаҳар ҳокимининг қарори ҳам чиқмаган. Фақат жамият гипермаркет қуриш бўйича лойиҳа ташаббускори сифатида иш бошлаган. Бироқ шу орада маблағ йўқлиги сабабли қурилиш-таъмирлаш ишлари тўхтаб қолган.

Эндиликда мазкур бино Давлат хизматлари марказига берилиши мумкин экан. Хуллас, шундай гап бор. Ҳозирча бу ерда гипермаркет қурилмайди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!