Меню
Қашқадарё
ГИМНАСТРАДА ҲАММА УЧУН
Аҳоли ўртасида гимнастрада спорт тури оммавийлигини ошириш, хотин-қизлар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада Қарши шаҳри ҳамда барча туманлар маҳаллаларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларидан ташкил топган жамоалар ғолиблик учун кураш олиб борди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида спорт, хусусан, хотин-қизлар спортини ривожлантириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оилаларда спортга қизиқишни янада оширишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самара бераяпти. Зеро, соғлом онадангина соғлом фарзанд дунёга келади.
Жамоалар мусобақа дастурига кўра, миллий мусиқий композиция асосида ўз чиқишларини намойиш қилишди. Айниқса, Қамаши, Чироқчи, Ғузор туманлари ҳамда Қарши шаҳри жамоаларининг чиқишлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
– Бугунги тадбир ҳақиқий спорт байрамига айланди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Асосий мақсадимиз оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва шу орқали халқимизнинг ҳаёт сифатини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳисса қўшишдир.
Мамлакатимизда аёллар спортини ривожлантириш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга оид бир қатор ижтимоий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда. Хусусан, “Спорт маликаси”, “Отам, онам, мен - спортчилар оиласи”, “Камолот” маликалари” каби мусобақалар ана шулар жумласидандир.
Ўз ўрнида вилоятда хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзига бўлган интилиш ҳам тобора кучайиб бораётир. Айни пайтда 9 минг 133 та умумий спорт секцияларида 370 минг 431 нафар хотин-қиз мунтазам шуғулланиб келмоқда. Шундан қарийб 100 минг нафари уй бекаларидир.
Ўтган 2015 йилда вилоятимиз спортчи қизлари томонидан энг нуфузли мусобақаларда 67 та олтин, 83 та кумуш, 109 та бронза медали қўлга киритилган. Жорий йилнинг уч ойи давомида ўтказилган 220 мусобақада эса 11 минг 500 нафардан зиёд хотин-қиз стол тенниси, волейбол, енгил атлетика, қўл тўпи, баскетбол, стритбол, бадиий гимнастика, сузиш, шахмат-шашка, спорт гимнастрадаси ва югуриш марафонлари каби спорт турлари бўйича иштирок этди.
- Маҳалламизда спортнинг гимнастрада тури оммалашаяпти, - дейди Миришкор тумани Янги Миришкор МФЙ раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳилола Аҳмедова. - Чунки мусиқа оҳанглари остида бажариладиган машқлар хотин-қизлар кайфиятини янада кўтариб, организмдаги чарчоқни чиқаришга ёрдам беради. Шу боис туманимизда мазкур спорт тури билан шуғулланаётган аёллар сони кундан-кун кўпаймоқда.
Мусобақа якунида барча иштирокчилар вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА