Меню

Қашқадарё

16.11.2018 2287

Гилос

Ҳар йили гилос пишиши билан катта келин қўриқлашга тушади. Дарахтнинг яқинига ҳеч кимни йўлатмай, нима қилса, ўзи қилади.

Бола-да, кичкинасининг ўғилчаси гилос егиси келди. Пайт пойлаб узаётганда катта овсин келиб қолиб, қувлай кетди. Ушлай олмагач, қарғашга тушди...

Кичик овсин жаҳлини ичига ютиб боласини уйига олиб кириб кетди. Аммо дили қаттиқ оғриди. Оғринди.

Буни қарангки, гилос келаси йилга етмади. Дарахт қуриб қолди...

Нигоҳ

Қайнона келинни ҳайдаб юборди. Сабаби, эрталаб туриб дарвозани очмасмиш, ишни секин қилармиш, койиса, йиғлаб берармиш.

Ва ҳоказо...

Қўшнининг келини бундан баттар. Аммо қўшни келинини ёнига олиб, ёмонини яшириб, яхшисини оширгани оширган.

...Ҳаммаси воқеликка қандай нигоҳ билан қарашга боғлиқ.

Олов

Эр ҳам олов эди, хотин ҳам. Оловлар туташиб, аланга олди. Оиланинг жизғанаги чиқди...

Уч бола кул ичида ўсди сўнгра.

Эгривой

Эгривой Тўғривойга “насиҳат” қилди:

- Бунча ғўддаймасанг. Сал бошингни эг, энкай, у ёқ - бу ёғингга қара. Тўғри таёқ ҳеч кимга ёқмаслигини билмайсанми? Эгилган бош олдида қилич ҳам тек туради. Мана, мени кўр, икки қўлим кўксимда, бошим хам. Каттаю кичикка таъзим қилганим-қилган. Бир жойим камайиб қолгани йўқ. Аксинча, атрофим тўла таниш-билиш, ошна-оғайни. Еганим олдимда, емаганим ортимда.

Тўғривой мийиғида кулиб қўйди.

Эгривой эгила-эгила букчайиб қолди. Эгрилиги панд бериб, қаддини ростлай олмади. На таниш-билиши ора кирди, на ошна-оғайниси.

Тўғривой эса ўз йўлида кетаверди...

Ношукур

Дўстим билан кетаётгандик, рўпарамиздан уй-жой билан таъминланган аёл чиқиб қолди. Ёнида қизи ҳам бор эди.

– Яхшимисизлар? – шеригим ҳол-аҳвол сўради. – Янги уйга жойлашиб олдингларми? Маза қилаётган бўлсаларинг керак-а?

 – Яхшию, ўқиш жойимдан узоқ экан-да, дарсга кечикаяпман, – деди қизи афтини буриштириб.

 – Дарсга кечикаётган бўлсанг вақтли тур, – шеригим койиб берди. – Ижара ҳақини тўлолмагани учун квартирасидан чиқариб юборди, деб онанг йиғлаб юрганди. Ўз уйингга эга бўлганингга жон демайсанми?

 – Йўқ, хафамасмиз, жон деймиз, – энди онаси сўз бошлади. – Фақат оёғимда варикозим бор эди, тўртинчи қаватга чиқиб тушишга қийналаяпман-да...

 Шеригим менга қаради. Мен шеригимга. Иккимизнинг ҳам хаёлимиздан битта фикр ўтди:

“Ношукур”.

Лола ЎРОҚОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!