Меню
Қашқадарё
ГАЗ ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ 88 МИЛЛИАРД СЎМ МИҚДОРИДА АСОССИЗ ДАРОМАД ОЛГАН
Мазкур қонунбузилишлар мамлакат ҳудудлари кесимида кўриб чиқилганда, Қашқадарёда 516 та бундай ҳолат аниқлангани ва асоссиз олинган даромад ҳажми 88 миллиард 19,9 миллион сўм, яъни республика бўйича қайд этилган миқдорнинг қарийб ярми (46,8 фоизи)ни ташкил этгани яққол кўзга ташланди.
Бу соҳадаги қонунбузилишлар нимадан иборат бўлган, улар қандай аниқланган ва қай тартибда бартараф этилган? Мавзуга оид тафсилотлар - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси табиий монополияларни тартибга солиш, нарх ва тарифлар ва уларнинг қўлланилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи Муҳаммади ҲАМРАЕВ шарҳида:
- Маълумки, бошқармамиз монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолияти устидан назорат қилиш соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, унинг зиммасига табиий монополия субъектлари томонидан товарлар (хизматлар) реализация қилиш тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) тартибга солинадиган нархлари (тарифлари) ва устамаларига риоя этилишини таҳлил ва назорат қилиш вазифалари юклатилган.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида бошқарма "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятининг вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 2018 йил ва 2019 йилнинг 1-чораги давомида улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда ҳисобланган тўловлар ва қўлланилган тарифларнинг асослилиги юзасидан таҳлил ўтказган. Шунда аниқландики, айрим улгуржи истеъмолчилар томонидан 2018 йил ноябрь ойи учун истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилган бўлса-да, уларга етказиб берилган маҳсулот нархи 2018 йил 16 ноябрдан кучга кирган тариф бўйича ҳисобланган ва натижада 512 та улгуржи истеъмолчидан асоссиз равишда жами 88 миллиард 13,5 миллион сўм миқдорида қўшимча тўловлар олинган.
Ваҳоланки, ҳукумат қарори билан тасдиқланган "Табиий газдан фойдаланиш қоидалари" 102-бандининг ўша пайтдаги таҳририда "Тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади", дея қайд этилган эди.
Аммо "Ўзтрансгаз" АЖ вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда, биргина "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" давлат унитар корхонасига 2018 йил ноябрь-декабрь ойларида истеъмол қилинган 385,8 миллион куб метр табиий газ учун 82,2 миллиард сўмдан зиёд миқдорда ортиқча тўлов ҳисоблаган. Яъни мазкур корхона томонидан 2018 йил 15 ноябрь ҳолатида қарийб 111,8 миллиард сўм олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилган бўлса-да, унга 16 ноябрдан бошлаб етказиб берилган ҳар бир куб метр газнинг нархи қонунчиликда талаб қилинганидек, аввалги тариф (289 сўм 74 тийин) эмас, балки янгиси (600 сўм) бўйича ҳисобланган.
Худди шундай "Деҳқонобод калий заводи" акционерлик жамиятига 911,7 миллион сўм, "Қарши ёғ-экстракция" АЖга 141,8 миллион сўм, "Қарши иссиқ нон" шуъба корхонасига 3 миллион сўм, якка тартибдаги тадбиркор Илёс Илҳом ўғли Умаровга 2 миллион сўм миқдорида ва яна юзлаб хўжалик юритувчи субъектларга турли миқдорда ортиқча тўловлар ҳисобланган.
Маълумки, ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан электр энергияси ва табиий газни реализация қилишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, ўтган йилнинг 1 январидан бошлаб улардан 1 куб метр табиий газ учун 1000 сўмдан тўлов олинмоқда.
Бироқ "Ўзтрансгаз" АЖнинг вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан табиий газни реализация қилишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланмаган 4 та хўжалик юритувчи субъектга асоссиз равишда 1 куб метр учун 1000 сўмдан тўлов ҳисобланиб, 6 миллион 481,8 минг сўм ортиқча тўлов ҳисобланганлиги аниқланди.
Мисол учун, турар жой бинолари қуриш, яъни юқорида қайд этилган рўйхатга кирмаган фаолият тури билан шуғулланувчи "Сайёр" хусусий корхонасига ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмол қилинган 4 минг 555 куб метр табиий газнинг ҳар бир куб метри учун 2018 йил март ойида 263,4 сўмдан, 2018 йил апрель ойидан бошлаб 15 ноябргача 289,74 сўмдан ва 2018 йил 16 ноябрдан 2019 йил март ойи охиригача 600 сўмдан тўлов ҳисоблаш ўрнига 1 куб метр учун 1000 сўмлик тариф қўлланилган. Оқибатда биргина шу ҳолатнинг ўзида вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 2 миллион 842 минг 263 сўм миқдорида асоссиз даромад олинган.
Ушбу қонунбузилишлар бўйича бошқармамиз ҳузуридаги махсус комиссия қарори ва кўрсатмаси билан вилоят ҳудудий газ таъминоти филиалига белгиланган нархларни ошириш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида бунга йўл қўймаслик, олинган асоссиз даромадни ихтиёрий равишда бир ой муддатда истеъмолчиларга қайтариш ёхуд истеъмолчиларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда бошқарманинг махсус транзит ҳисоб рақамига тўлаш тавсия этилди. Филиал томонидан йўлланган жавоб хатларида қонунбузилиш ҳолатлари тўхтатилганлиги, истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилинаётганлиги билдирилган. Ҳозирги кунда ҳар бир истеъмолчи билан солиштирма далолатномалар тузилмоқда.
Темур НИЗОМОВ ёзиб олди.