Меню
Қашқадарё
Газ-поршенли электр станциясини қуриш учун Нурчи маҳалласидан 12 гектар ер ажратилди
Тафсилот
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Нишон тумани ҳудудида қуввати 400 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ янги электр станциясини қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Нурчи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан туман ҳокимлиги захира ер фондида турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 11,94 гектар ер майдони ажратилди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган йил 9 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ҳамда Туркиянинг "AKSA Enerji" компанияси бошқаруви раиси ўртасида инвестиция шартномаси имзоланган эди. Унга асосан "AKSA Enerji" компанияси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Нишон туманида қуввати 400 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш учун 250 миллион доллар сармоя киритиш мажбуриятини олган. Битим шартларига кўра, компания лойиҳани амалга оширишнинг бутун даври (25 йил) давомида электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатиш билан шуғулланади. Шунингдек, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "AKSA Enerji" компанияси ўртасида электр энергиясини сотиб олиш шартномаси ҳам имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистон томони туркиялик инвестордан 25 йил давомида электр энергиясини сотиб олишни кафолатлайди.
Шу йил 5 февралда эса давлатимиз раҳбарининг "Қашқадарё вилоятида қуввати 400 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Маълумот учун: "AKSA Enerji" компанияси 1960 йилда ташкил этилган "Kazanci Holding" таркибига киради. Мазкур холдинг нафаіат энергетика, балки қишлоқ хўжалиги ва туризм соµаларида лойиҳаларни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этади. Бугунги кунда компания Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали, Конго ва Ўзбекистонда электр станцияларини барпо этмоқда.