Меню
Қашқадарё
ГАЗ ҚАЗИБ ЧИҚАРИШ МИҚДОРИНИ ОШИРИШ МАҚСАДИДА
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур қудуқлардан бир кеча-кундузда 200 минг куб метр, бир ойда эса 6 миллион куб метр табиий газ қазиб олиниши кутилмоқда.
Бу ҳақда хабар тарқатган "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ахборот хизмати шу кунларда Муборак туманида нефть-газ тармоғининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият олиб бораётганини ҳам маълум қилмоқда. Таъкидланишича, мазкур гуруҳ аъзолари Жанубий Кемачи конининг 166- ва 167-қудуқларида олиб борилаётган бурғулаш жараёнини кўздан кечиришди. Қудуқларни ишга тушириш мақсадида 8,7 километр узунликдаги коллекторга улаш учун монтаж ишлари "БВН-9" тизимида олиб борилмоқда. Бу ишлар якунлангач, суткасига қўшимча равишда 200 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имкони туғилади.
Мазкур ҳудудда, шунингдек, 21 километр узунликдаги "Жанубий Кемачи кони - Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (БНҚИЗ)" нефть қувурини ишлаб турган "Кўкдумалоқ - БНҚИЗ" нефть қувурига улаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан мазкур объеклардаги барча ишларни қисқа фурсатда якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари капитал қурилиш ишлари якунланган Янги Дарвоза конидаги 5-сонли қудуқда ҳам бўлишди. Ҳозирги пайтда мазкур қудуқни фойдаланишга топширишни тезлаштириш мақсадида 8,5 километр узунликдаги коллекторда қурилиш ва монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Унинг ишга туширилиши натижасида суткасига қўшимча 500 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш режалаштирилмоқда.
Денгизкўл конида ҳам иккита қудуқда бурғулаш ва объектларни ўз вақтида (315-қудуқда шу йил 20 июлгача, 317-қудуқда эса жорий йилнинг 9 сентябрига қадар) фойдаланишга топшириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Кўрилган чоралар суткасига қўшимча 300 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш учун замин яратади. Шу ернинг ўзида "ГПА-200" русумли ДКС агрегатларини таъмирлаш ишлари олиб борилар экан, бу ускунанинг созланиши натижасида суткасига қўшимча равишда 500 минг куб метр табиий газ қазиб олиш имкони туғилади.
Статистик маълумотларга кўра, шу йилнинг беш ойи якунига кўра вилоятимизда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 2018 йилнинг тегишли даврига нисбатан 2,5 фоизга, яъни 14 миллиард 152,9 миллион куб метрдан 13,8 миллиард куб метргача камайган. Нефть қазиб олиш бўйича камайиш 8,1 фоиз, газ конденсати бўйича эса 1 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўз мухбиримиз