Меню
Қашқадарё
ГАР НОЛИСАК, БУ ХУДОГА МАЛОМАТДУР...
Ёнимиздаги қаҳрамонлар
Синовлар инсоннинг кимлиги, ички олами, ирода кучини кўрсатиб беради. Юк оғир келганда ётиб (қ)оладиган, "Керак бўлса ёрдам беришади" қабилида иш тутиб, боқимандаликка кўниккан кимсалар ҳам кўп орамизда - бундайларга ТВ, интернетда тез-тез кўзимиз тушаяпти кейинги вақтларда.
Аммо ёнгинамизда шундай ҳазрати инсонлар ҳам борки, уларда мужассам сабр, шукур, қаноат туйғулари барчага ўрнак бўла олади.
Бир неча кун олдин Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати бахтсиз ҳодиса туфайли бир қўлидан айрилган бўлса-да, пахта даласига чиқиб, кунига 130-150 килограммдан пахта тераётган чироқчилик Гулчеҳра Қипчоқова ҳақида хабар бериб, вилоят ҳокими пахта даласига боргани ва теримчи қизга совға-салом улашганини маълум қилди.
Бу хабарни эшитган киши борки, қизнинг меҳнаткашлиги, иродасига тасанно айтгани ҳақиқат.
Гулчеҳра 1997 йилда Чироқчи туманидаги Эски анҳор маҳалласида туғилган. Етти фарзанднинг тўртинчиси, ёшлиги меҳнат билан ўтган, ўтаяпти, чопиқ дейсизми, пахта теримми, сомса-пишириқ тайёрлаб сотишми, бир-икки сўм топиб, рўзғорнинг камига яратай, деб ҳаракат қилади. Афсуски, 16 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли бир қўлидан айрилади. Бироқ бу ҳам меҳнаткаш қизнинг иродасини бука олмади.
- Ҳозир оилада 10 киши бирга яшаймиз, акамнинг мардикорчиликдан топган пулига қўшимча бўлсин, қишга ун, ёғ, керакли нарсалар олиб қўяйлик деб пахтага келдим, - дейди Гулчеҳра Қипчоқова. - Тўғри, зўр яшаймиз, дея олмайман, лекин ҳаракат қилса ризқни Худо беради.
Албатта, сабрнинг мукофоти бор, деганлари бежиз эмас. Гулчеҳра бу йил биринчи марта олий ўқув юртига ўқишга кириш учун ҳужжат топширибди ва илк уринишдаёқ Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали талабаси бўлибди. Яна денг грант асосида. Имтиҳонларга эса мустақил тайёрланибди, бу билан куни бўйи ишлаб, репетиторсиз ҳам ўқишга киришни исботлагани эътиборга молик. Нима дедингиз? Энди у тўрт йил бошланғич таълим йўналишида таҳсил олади.
Гулчеҳранинг самимийлиги, беғубор қалби, ўтаётган кунига шукри беихтиёр ўша машҳур қўшиқдаги мисраларни эсга солиб юборади: "Гар нолисак, бу Худога маломатдур..."
Бир неча кундан кейин Гулчеҳра уйга қайтади. Буёғи кузнинг забти - совуқ бир пайтлар йўқотилган қўл ўрнига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. У эса бировдан ёрдам кутиб яшашга ўрганмаган, ўқиш билан бирга гўзал ва тўкис ҳаёт сари дадил одимлайверади...
НАСРИДДИН