Меню

Қашқадарё

26.05.2022 1788

ГАП КЎП ЖОЙДА ИЛМ КАМ БЎЛАДИ

Сараланган сатрлар

Мол-дунё, бойлик қанча сарфлангани сайин шунча камайиб боради. Илм эса қанча сарфланса, шунча кўпаяди. Аслида инсонни инсон этиб турган ҳам илмдир. Барча жаҳолат илдизи илмсизликка бориб тақалиши эса айни ҳақиқат. Илм талабида бўлган инсон даражаси нечоғлик баланд бўлса, билим ўргатувчининг ҳаққига денгиздаги балиқларгача истиғфор айтиб туриши илм қийматига ойдин далил.

Бинобарин, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Иҳйоу улумид дин" ("Дин илмларини жонлантириш") асарининг "Илм китоби"дан айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

Ҳайратга сабаб бўладиган жиҳат шуки, бундан минг йиллар аввал Салжуқийлар замонида уч буюк шахс фаолият юритган. "Сиёсатнома" китоби муаллифи, вазирликни юқори чўққиларга кўтарган Низомулмулк, машҳур математик ва астроном, дунёда энг аниқ ва мукаммал тақвим яратган Умар Хайём, "Ислом ҳужжати" дея таърифланган буюк олим Абу Ҳомид Ғаззолий.

Ўз-ўзидан равшанки, ўша пайтларда илм-фан гуркираб ривожланган. Ҳақ ва ботил илмни, кишининг бу дунёси ва охиратига наф берадиган билимларни ажратиб кўрсатишга эҳтиёж ҳам юқори бўлган.

"Илм китоби"да жуда кескин фикрларни кўрамиз. Айрим ҳадислар заиф санад билан берилган бўлишига қарамай, ибрат олиш учун кифоядир. Шундай экан, даража, савиянгизни юксалтирадиган китоб мутолаасидан четда турманг.

* * *

Мўмин қилган гуноҳини елкага ортилган тоғ деб билади, тоғ устига қулаб кетишидан қўрқиб юради. Мунофиқ эса қилган гуноҳини бурни атрофида визиллаётган, ҳайдаса учиб кетадиган пашша деб билади (Бухорий ривояти).

* * *

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Сизлар олим фақиҳлари бисёр, ўқувчи (қори), хатиб ва сўровчилари оз, (жавоб) берувчилари кўп замонда яшаяпсиз. Яқинда одамларга фақиҳ - олимлари оз, хатиблари кўп, жавоб берувчилари кам, сўровчилари кўп замон келади. У пайтда илм амалдан яхши ва устун бўлади" (Табароний Ҳизом ибн Ҳакимдан заиф иснод билан ривоят қилган).

* * *

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: "Эй инсонлар, илм ўрганинглар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида Унинг ўзи севган бир либос бўлиб, илмнинг бир бобини ўрганган кишига у либосни кийгизади. Агар олим бир гуноҳ қилса, либос ундан олинмаслиги учун, унга уч марта танбеҳ беради. Гарчи, бу гуноҳи вафотигача давом этса ҳам (либос ечиб олинмай, танбеҳ берилаверади)".

* * *

Агар сен одамлар ўртасида юксак даражалари билан машҳур бўлган кишиларга боқиб, уларга тақлид қилиш билан қаноатлансанг, саҳобаларнинг юксак мартабаларидан ғафлатда қоласан.

* * *

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот этганларида Ибн Масъуд: "Илмнинг ўндан тўққиз қисми кетди", дедилар. У кишига: "Орамизда шундай саҳобалар туриб, шундай дейсизми?" дейишганда, у зот: "Мен фатво ва ҳукм чиқаришни кўзда тутмаяпман. Балки Аллоҳ таолони таниш илмини айтяпман", деб жавоб бердилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу сўзлари билан калом ва жадал (мунозара) илмини кўзда тутган деб ўйлайсанми? Нима учун Ҳазрати Умарнинг вафоти билан ўндан тўққизи ўлган илмни ўрганишга қизиқмаяпсан? Ваҳоланки, калом ва жадал илмининг эшигини ёпган у кишидир. Сабиъ ибн Шарик деган киши, икки ояти карима бир-бирига қарама-қарши келяпти, деб савол берганида, унга дарра уриб, Басрага сургун қилганлар ва одамларга ундан узоқроқ юришга буюрганлар.

* * *

Саҳобалар китоб тасниф қилишни ёқтирмас эдилар. Сабаби, одамлар Қуръон қолиб, биз ёзган нарсалар билан машғул бўлиб кетмасин дейишган. Умар розияллоҳу анҳу: "Биз (ҳадисларни) қандай ёд олган бўлсак, сизлар ҳам шундай ёд олинглар", дер эдилар. Уларнинг қалблари иймон билан тўла, ниятлари холис, мақсадлари юксак ва қалблари шубҳадан холи бўлгани учун бир-бирларидан илмни оғзаки ёд олар ва зеҳнларида сақлаб қолар эдилар.

* * *

"Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир" (Мурсалот, 35-36) ояти ўқилганда, Имом Шофеъий ранглари ўзгариб, баданлари қалтираб, қаттиқ изтиробга тушиб, ҳушдан кетиб йиқилганлар.

* * *

Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу: "Мен қирқ йилдан буён намозда Имом Шофеъийнинг ҳақларига дуо қиламан", дейдилар. Ўғли у кишига: "Шофеъий қандай одамки, сиз бунчалик кўп дуо қиласиз?" деганда, "Эй ўғлим, у дунё учун қуёш, одамлар учун эса офият берувчи эди", деб жавоб берганлар.

* * *

Ривоят қилинишича, Имом Аъзам аввалида кечанинг ярмини бедор ўтказганлар. Бир кун йўлда кетаётсалар, бир одам шеригига у кишини ишора қилиб: "Бу одам кечанинг ҳаммасини бедор ўтказади", дебди. Шундан кейин у зот: "Ибодатда ўзимда йўқ нарса билан васф этилишдан Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан" деб кечанинг ҳаммасини бедор ўтказганлар.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам сеҳр қилинганлар ва у сабабли касал бўлганлар. Бу ҳақда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизга хабар берган ва у зот қудуқ тубидаги тошдан сеҳрни чиқарганлар.

Сеҳр инсон жавҳарининг хосиятлари ва юлдузларнинг чиқишларини ҳисоб-китоб қилиш орқали ўрганиладиган илмдир. Хосиятлари маълум бўлган жавҳардан сеҳр қилинадиган шахснинг шакли ясалади ва маълум юлдузларнинг вақти кўриб турилади. Юлдузлар чиқиши билан шариатга зид, куфр ва фаҳш сўзлар ўқилади. Шу дуо туфайли шайтонлардан ёрдам сўралади. Натижада Аллоҳ  таолонинг жорий одати билан сеҳр кишида ғайриоддий ҳолатларни юзага келтиради.

* * *

Тахмин билан ҳукм чиқариш жаҳолат билан ҳукм чиқаришдир.

* * *

Юлдузлар илмини билиш Идрис алайҳиссаломга мўъжиза қилиб берилган. У кишидан сўнг бу илм инсонлардан узоқлашиб, йўқ бўлиб кетган.

* * *

Фикринг, ақлинг, далилинг, ҳужжатинг ва гумонинг билан нарсаларнинг ҳақиқатини таниш учун баҳс қиляпман, деб тортишишни кўпайтирма. Илм ҳақида фикр юритишнинг нима зарари бор, ҳам дема. Албатта, у сенинг зарарингга хизмат қилади. Шундоғ ҳам сен ўзингга зарар қиладиган қанча нарсаларни биласан, агар Аллоҳ таоло раҳмати билан қутқармаса, бу билишинг охиратда ҳалокатга олиб боради.

* * *

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга хато кетган ўринларини изоҳлаб берганларида, Абу Мусо жамоатга қараб: "Сизларнинг орангизда шундай олим бўлатуриб, мендан савол сўраманглар", дея хитоб қилганлар.

* * *

Ҳикмат - мўминнинг йўқотган моли, уни қаерда топса олаверади.

* * *

Сен ўзингни илмга тўла бағишламагунингча илм сенга бирор нарсасини бермайди.

* * *

Денгиз нажосатнинг таъсирини йўқота олувчи кучга эга эканини, кўзадаги сув эса озгина нажас билан ҳам нажасга айланишини бу мискин тушунмайди. Шунинг учун "Олимлар қиляпти-ку?! Биз ҳам қилсак бўлаверади", демаслик керак.

* * *

Ҳазрати Али розияллоҳ анҳу: "Ҳақиқатни одамларга қараб танима, балки аввал ҳақни тани, кейин аҳлини таниб оласан".

* * *

Яхшиларнинг қалби - сирларнинг қабридир.

* * *

Хасан Басрий розияллоҳу анҳу: "Олимларнинг жазоси қалбларининг ўлишидир. Қалбнинг ўлими эса, охират амали билан дунё талаб қилишдир".

* * *

Бишр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу: "Қачон гапиришни хоҳласанг, сукут қил. Қачон хоҳламасанг, шунда гапир".

* * *

Баъзан бир кишининг довруғи машриқ ва мағриб орасини тўлдирадиган даражада тарқалади. Лекин унинг Аллоҳ ҳузурида пашшанинг қанотичалик қадри бўлмайди.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, шайтон сизни гоҳида илм билан (амалдан) кечиктириб қўяди", дедилар. Шунда (саҳобалар): "Эй Аллоҳнинг Расули! Бу қандай бўлади?" деб сўрашди. У зот жавоб бердиларки: "Шайтон сизларга: "Илм ўрган, лекин мукаммал билмасдан туриб амал қилма", дейди. Шундай қилиб, илмни гапириб, амални орқага суришда давом этади. Ҳатто ҳеч қандай амалсиз ўлиб кетади".

* * *

Шаъбий айтадилар: "Билмайман, дейиш илмнинг ярмидир".

* * *

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Одамлар сўраган барча масалаларга фатво берадиган киши мажнундир".

* * *

Ибн Ҳассин розияллоҳу анҳу айтадилар: "Булардан (яъни ҳозирги олимлардан) ҳар бири шундай масалалар ҳақида фатво берадики, агар шу масала Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан сўралса, унга (жавоб бериш учун) аҳли Бадрни тўплаган бўлар эдилар".

* * *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ ила бўлса-да, ботилга қарши мунозарани тарк қилишга буюриб: "Ўз хатосини англаб, тортишувни тарк қилган кишига Аллоҳ жаннат ўртасида бир қаср бино қилади. Ҳақ бўлатуриб, тортишувдан ўзини тийганга эса, жаннатнинг энг юқорисидан қаср қуради", деганлар.

* * *

Қачонки илм кўпайса, гап камаяди. Гап кўпайса, илм камаяди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!