Меню
Қашқадарё
Гадонинг душмани – гадо...
Қонуний таксистлар ноқонуний киракашлардан норози. Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Намозов қабулига келган, Қарши шаҳрида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланувчи бир гуруҳ ҳайдовчилар мурожаатида айни жиҳат акс этди.
Бошқарма ахборот хизматининг шикоят мазмунини келтиришича, сариқ такси ҳайдовчилари бугунги кунда қонун талаби асосида ишлаб, ўз рўзғорини тебратаяпти. Аммо мавжуд тартибни менсимай, йўловчиларни лицензиясиз ташиётган олғир ҳайдовчилар кўплиги қонуний ишлаётганлар фаолиятига халал бермоқда.
“Қонун доирасида ишласак. Бўялмаган машина ҳайдовчилари эса ўзи билганча кира қилиб юраверса, шу тўғрими?!”, дея қайд этган ҳайдовчилардан бири.
Бошқарма бошлиғи ҳозирда вилоятда ноқонуний йўловчи ташишга барҳам бериш бўйича керакли чоралар кўрилаётгани, охирги пайтда бу борада аниқланган ҳолатлар кўпайгани, қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилаётганини билдирган. Шикоятда келтирилган ҳолатлар бўйича бошқарманинг автомобиль транспортида ташувлар хавфсизлиги таъминланишини назорат қилиш бўлими бошлиғига тегишли кўрсатма берилган.
Ўз ўрнида вилоят транспорт бошқармаси ҳудудда ноқонуний йўловчи ташишга барҳам бериш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғида махсус ботни ишга туширишини ҳам маълум қилди. @QashTaksiBot боти орқали фуқаролар вилоятимизда ҳозирда қонунга хилоф тарзда йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар ҳақида хабар бериши мумкин бўлади.
Хабар йўллаш тартиби осон: ноқонуний такси сифатида фойдаланилаётган транспорт воситасининг давлат рақами (ҳолатни суратга олиб), қатновни амалга ошириш ҳудуди ҳақидаги маълумотни жўнатиш кифоя. Хабар берувчининг шахси сир сақланади. Қоидабузарларга нисбатан қонунчилик доирасида кескин чоралар кўрилиши таъминланади.
Аслида автомобилда йўловчи ташиш лицензияланадиган фаолият сирасига кириши бежиз эмас. Чунки бу соҳа инсон соғлиғи ва хавфсизлигига бевосита дахлдор. Лицензия асосидаги фаолият эса ҳайдовчининг мунтазам тиббий кўрикдан, транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтишини таъминлайди.