Меню

Қашқадарё

19.12.2017 2397

ГЎШТ НАРХИ - 20 МИНГ СЎМ

Бундан фақатгина қувониш мумкин. Журналист эмасмизми, шу ерда ҳам қизиққонлигимиз тутди. Саволлар қийнай бошлади: нега гўшт тўсатдан арзон бўлди? Бу нимага боғлиқ? Аниқлик киритиш мақсадида аҳолини гўшт билан таъминлашда иштирок этувчи шахсларга мурожаат қилдик.

Маълумки, вилоятимизда боқиладиган чорванинг асосий қисми аҳоли ҳиссасига тўғри келади. Мазкур фаолиятдан илк даромадни ҳам улар кўради. Шу иш билан кўпдан бери шуғулланадиган Аҳмад акани гапга тутдим.

- Мол гўштининг нархи пасайибди, сиз бунга нима дейсиз? – дея сўрадим ундан.

- Энди нима десам экан? Шу-у, харажат қурғур камайди-да. Агар илгари битта молга 100 сўм расход қилган бўлсак, ҳозир бу бизга 50 сўмга тушаяпти. Яъни харажатимиз тенг ярмига қисқарди. Ниманинг ҳисобидан дейсизми? Ўзингиз ҳам биласиз, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув, деган гап бор. Мол ҳам тирик жон. Берсанг, ейман дейди. Мақсад семиртириш бўлгач, қаровни ҳам яхши қилмасак бўлмайди. Емни зўр бериш керак. Шу ем деганимиз анча вақт бурун жуда қиммат сотилаётганди. Ўшанда молни арзонга бериш бизга ҳам қопламасди. Қарангки, ҳе йўқ, бе йўқ, шелуха билан шротнинг нархи тушиб турибди. Хуллас, ем арзон бўлди. Шунга биз ҳам молга инсоф сари нарх қўяяпмиз. Бошқа сабаб йўқ, - деб жавоб қайтарди Аҳмад ака.

Жавобни олишга олдигу барибир кўнглимиз тўлмади. Нима жин уриб, ем баҳоси пастлаган бўлса?! Бу ҳам журналистга қизиқ-да. Шундай экан, мазкур маҳсулот савдосига масъул ташкилот мутасаддисидан изоҳ олмай иложимиз йўқ. Кейинги йўлимиз ўша томон қадалди.

- Фалончи Фалончиевич, эшитишимизча, ҳозирда шрот, шелуха, омихта ем каби чорва озуқаси аҳолига арзон нархларда сотилаётган экан. Демак, олдин қиммат бўлган. Шу масалада нима дея оласиз? – деб ундан сўрадик.

- Тўғрисини айтганда, арзонлашди десак, хато бўлади. Чунки аввал ҳам ем шу нархларда сотилиши керак эди. Гапимга ҳайрон бўлмангу, бунга биз айбдормиз. Сабабини ҳозир тушунтираман. Ўша емни ҳамма ҳам сотиш ҳуқуқига эга эмас. Вилоятимиз бўйича қарайдиган бўлсак, бундай ҳуқуқ фақат бизга берилган. Шрот, шелухани биржадан оламиз. Тўғри англадингиз. Уларни сиз ҳар куни телевизорда кўрадиган биржа котировкалари бўйича харид қиламиз. Ҳақиқатан котировкалар жуда паст кўрсатилган. Шелуха, борса, 500-600 сўм. Аслида кепак ҳам жа қиммат эмас, ҳали 1000 сўмга чиқмади. Энди биз бу нархга қўшсак, 15-20 фоиз устама қўйишимиз мумкин. Ишлаб чиқарувчи омборидан ҳам ҳеч бир харажатсиз, ҳеч кимга ялинмай, ҳужжатда неча тонна бўлса шунча юклаб жойларга жўнатилаяпти. Ҳеч ким, ҳеч нарсадан умид қилмайди. Қонун талаби ҳам шу.

Журналист ука, сиз айтишингиз мумкин, талаб бор экан, нега унга илгари амал қилинмаган, деб. Бу эътирозингиз ҳам ўринли. Билсангиз, биз емни аҳолига тўғридан-тўғри сотмаймиз, жойлардаги шохобчаларимизга тарқатамиз. Ўша ердан олишади. Биз сотувчиларга қатъий нарх бўйича сотишни тайинлаганмиз, уқтирганмиз. Аммо шу десангиз, нафси олғирлик қилибми, улар ем баҳоси устига 2-3 баробар нарх қўйибди. Биз бунинг хабарини олган ҳамоноқ чорасини кўрдик. Айни пайтда белгиланган қийматда сотилишини жиддий назоратга олдик. Бу иш берди. Аҳоли истаса, шохобчамиздан емни ҳам нақд пулга, ҳам пластик карточка орқали харид қилиши мумкин. Бу ҳам енгиллик-да. Мана, гўшт нархи ошганига нима сабаб бўлган, - дея иддао қилди мутасадди.

Биз ҳам унинг бу иддаосини рад этишга журъат топа олмадик. Қайтанга, ем савдоси тартибга келганига хурсанд бўлдик. Мутасаддининг олдидан чиқиб, гўшт растасига ошиқдим. Ўқрайганча пичоғини қайраётган қассоб қаеридан тортай деб турса денг.

- Ҳа бу, гўштни неча пулдан сотаяпсиз? - деб сўрайман, ўзимни билмаганга олиб.

- Эшитмадингизми, нархи 20 минг сўмга тушди-ку.

- Тунов кун сиздан гўштни 30 минг сўмга олгандим. Қайдан қуёш чиқиб, бунча паст кетдингиз?

- Намунча, бизда ҳам инсоф бор. Килосига жа-а борса, минг-икки минг қўяяпмиз. Илгари сал кўпроқ эди. Энди шу фойда ҳам бизга етади. Боз устига, чарви ёғи, калла-поча, тери фойдага қолаётган бўлса.

Бу гапни эшитгач, менда саволга ўрин қолмади. Аксинча, қувонганимдан: “Ака, шу гапингиз чин бўлса, 4 кило гўшт тортинг”, деганимни билмай қолибман. Ҳарна, илгари шу пулимга 2 килодан зиёд эт олардим. Уйга бориб бир зиёфат қилай.

Ҳа айтганча, Янги йил байрамига ҳам оз қолди. Таниш-билиш, қариндош-уруғ борамиз, деган. Тайёр туриш керак. Аввалдан ул-бул олиб қўймасам бўлмайди. Қолган харажатларни билмадиму, бироқ қанча гўшт оларканман, деган хавотирим энди йўқ.

Афсус, ҳозирча бу туш ўнг келадиганга ўхшамаяпти?!

МИРЖАҲОН

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!