Меню
Қашқадарё
Фуқаронинг мурожаати олти ойдаям ҳал этилмади
Маҳаллий Кенгашларда
Косон туманида электр таъминоти корхонасининг раҳбари жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансоларликка йўл қўйгани боис фуқаролардан бирининг электр линияси ва таянч устунларини таъмирлаш тўғрисидаги аризаси 180 кундан ортиқ вақт давомида ҳам ечимини топмаган.
Бу ҳақда халқ депутатлари Косон тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинди. Кенгаш аъзолари туман электр таъминоти корхонаси ва "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиали туман бўлими томонидан шу йилнинг тўққиз ойи давомида аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш ва қайта кўриш аҳволи тўғрисидаги масалани муҳокама қилиб, Косон тумани Халқ қабулхонаси мудири Ў.Хонкелдиев ахборотини тинглашди.
Сессияда қайд этилганидек, туманда шу йил биринчи ярим йиллиги мобайнида кўрилган ва 80 фоизи "тушунтириш бериш" билан ёпилган 6763 та мурожаат натижадорликка эришиш учун қайта кўриб чиқилди. Шунда қайта кўрилган мурожаатларнинг 67 фоизи қаноатлантирилган. Аммо натижадорлик кўрсаткичи туман электр таъминоти корхонаси (57 фоизи) ва газ таъминоти бўлими (57 фоизи) каби ташкилотларда туман кўрсаткичидан пастлигича қолган.
- Ўтган тўққиз ойда фақатгина Халқ ва виртуал қабулхоналарига электр таъминоти корхонаси фаолияти билан боғлиқ 251 та мурожаат тушгани ҳолда, бу идоранинг ўзига атиги 68 та мурожаат юборилган, - дейилади Кенгашнинг қарори матнида. - Ҳудудгазнинг Косон тумани филиали фаолияти билан боғлиқ масалаларда туман Халқ ва виртуал қабулхоналарига шу тўққиз ойда 186 та мурожаат тушган, филиалга эса 166 та мурожаат келган. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам бу ташкилотларда фуқаролар қабули ва мурожаатлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмагани, оқибатда эса фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётганларидан дарак беради. Аҳолини рози қилиш тамойили раҳбарият назоратидан четда қолган, мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлиги ҳам бу корхоналарда пастлигича қолмоқда. ЭТКда 134 та ёки 53 фоиз, газ филиалида 112 та ёки 60 фоиз мурожаат қаноатлантирилган. Мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилишига йўл қўйилган. ЭТКда 1 та мурожаат, газ филиалида эса 5 та мурожаат муддати ўтказилиб ҳал этилган.
Шунингдек, депутатлар бу идораларда фуқаролар қабули талаб даражасида ташкиллаштирилмагани, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тегишли низом талабларига жавоб бермаслиги, статистик ҳисоботлар чалкашлик билан юритилганини ҳам билдиришди.
Кенгаш қарорига кўра, туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Ў.Бекмуродов ҳамда Косон тумани газ филиали раҳбари И.Расулов туман Халқ қабулхонаси мудирининг маърузасида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйишгани учун огоҳлантирилиб, тегишли маълумотлар "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ва "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиалига юбориладиган бўлди.
Ўз мухбиримиз