Меню

Қашқадарё

22.12.2018 1815

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ФАОЛ ВОҲАДОШЛАРИМИЗ ТАҚДИРЛАНДИ

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси, Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси Илҳом Насриев давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги "Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва ушбу ҳужжатга мувофиқ 14 ноябрда имзоланган "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдаги ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мазкур кўкрак нишони жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизга берилади. Улар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ҳам олади.

Ушбу нишонга вилоятимиздан "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова, Туркман миллий маданият маркази вилоят бўлими раҳбари Норбой Жўраев, Қарши давлат университети ҳузуридаги "Замон" минтақавий тадқиқот маркази раҳбари Гулбаҳор Эркаева, Ўзбекистон экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Носир Ҳалимов, "Аёллар маслаҳат маркази" раҳбари Ойдин Анорова сазовор бўлди.

- Бугунги кунда вилоятда фаолият олиб бораётган 702 нодавлат нотижорат ташкилоти қаторида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг жойларда барқарор ривожланишни таъминлаш соҳасига оид тадқиқот ва таҳлилий ишларини ташкил этиш, ҳудуддаги долзарб муаммоларни амалий тадқиқ этиш ҳамда ҳокимликлар, бошқа давлат муассасалари ва идоралари учун ахборот-таҳлил ва башорат-прогноз материаллари тайёрлаш бўйича иш олиб борамиз, - дейди "Замон" минтақавий тадқиқот маркази раҳбари Гулбаҳор Эркаева. - Бу борада Англия, АҚШ, Германия, Бельгия, Руминия, Россия Федерацияси каби давлатларда бўлиб, аналитик социология бўйича олган тажрибаларимдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпман.

Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилиниб, шу йил 17 сентябрдан 22 октябригача ўтказилган давлат гранти 5- ва қўшимча 6-танловлари якуний натижаларига кўра вилоятимиздан ғолиб деб топилган лойиҳалар муаллифларига давлат гранти сертификатлари ҳам топширилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!