Меню

Қашқадарё

07.04.2022 1674

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҚАЙСИ ТАКЛИФЛАРИ ЭНГ КЎП ОВОЗ ТЎПЛАДИ?

Ташаббусли бюджет

Қамаши туманида фуқаролар томонидан илгари сурилган 10 та таклиф - ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳолатини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳалар "Очиқ бюджет" портали (openbudget.uz)да энг кўп овоз тўплаб, "Фуқаролар ташаббуси жамғармаси"дан молиялаштириладиган бўлди.

Қамаши тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, ҳудудда "Фуқаролар ташаббуси жамғармаси" шахсий ғазна ҳисобварағида 7 миллиард 78 миллион 185 минг сўм жамланган. Энди ушбу маблағлар openbudjet.uz порталида фуқаролар томонидан энг кўп овоз тўплаган ташаббусларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Хусусан, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирлар сирасига Бадахшон ва Белдовтепа қишлоқлари, Улуғбек маҳалласи Шифокор кўчаси, Бобуртепа МФЙ Қўштамғали қишлоғи ҳамда Қоратепа ва Қорасув маҳаллаларидаги ички йўлларни таъмирлаш ва асфальт қилиш, шунингдек, Қорасув маҳалласида соғломлаштириш (пиёдалар ва велосипед) йўлакларини қуриш лойиҳалари кирган. Бундан ташқари, Қамашида энг кўп овоз тўплаган ташаббуслар орасида 50 йил олдин қурилган 6-сонли мактабни таъмирлаш ва унинг ҳудудини девор билан ўраш, 66-сонли мактаб ҳовлисини ободонлаштириш учун артезиан қудуқ қазиб, сув чиқариш ва сув сақлаш иншоотини барпо этиш ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимини таъмирлаш билан боғлиқ таклифлар ҳам бор.

Мазкур лойиҳаларнинг ҳар бири учун 2504 нафардан тортиб 7042 нафаргача киши овоз берган ва бу уларнинг барча ташаббуслар орасидан ғолиб чиқишини таъминлаган.

Умуман олганда эса шу йил 1 февралдан 23 февралгача туманда ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролар томонидан умумий ҳажми 197,5 миллиард сўмдан ортиқ 384 та таклиф киритилган.  Ишчи комиссия бу ташаббусларни саралаб, такрорий ва тасдиқланган низом талабларига тўғри келмайдиган, туман ҳудудига тегишли бўлмаган ва бошқа сабабларга кўра рад этилган таклифларни чиқариб ташлаган. Қолган 291 та лойиҳанинг қиймати (144,1 миллиард сўм) қайта ҳисоблаб чиқилиб, 153,1 миллиард сўм этиб белгиланди. Улар бўйича овоз бериш жараёни шу йил 5 мартдан 25 мартгача давом этди.

Вилоят молия бошқармаси маълумотларига кўра, Қашқадарёда жорий йилда "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида дастлабки босқичдан овоз бериш босқичигача бўлган даврда 4496 та таклиф билдирилган бўлиб, шундан 2696 таси овоз беришда иштирок этган ва якунда 186 та таклиф ғолибликни қўлга киритган. Ғолиб бўлган лойиҳаларнинг умумий қиймати 102 миллиард 331,8 миллион сўмни ташкил этади.

Биродар АЗИЗОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!