Меню
Қашқадарё
ФУҚАРО МУҲОФАЗАСИ – МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА
Унда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари ҳамда фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи корхона ва ташкилотлар, ўта муҳим, тоифаланган объектларнинг мутахассис-ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, вилоятимизда табиий тусдаги фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллардан бири кўчки ва сел келиши хавфларидир. Бундай хавфларнинг олдини олиш мақсадида ўтган даврда мутасадди ташкилотлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, вилоятдаги мавжуд сув хўжалиги тармоғининг тошқин хавфи мавжуд бўлган 8 та объектида таъмирлаш, 5 тасида эса қурилиш ишлари олиб борилди. Кўчки ва сел келиш хавфи даражасига қараб, шундай ҳудудларда яшовчи аҳоли вақтинчалик ёки доимий яшаш учун хавфсиз жойларга кўчирилди.
- Маълумки, катта кучланишли магистраль электр тармоқлари ҳамда юқори босимли газ қувурлари ҳам фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассиси, капитан Аваз Ибрагимов. - Шу боис бундай тармоқлар атрофида аҳолининг уй-жой қуриши тақиқланади. Аммо баъзи кишиларнинг ўзбилармонлик билан, ўзи ва оила аъзоларининг ҳаётини хавф остига қўйиб ана шундай муҳофазаланган зоналар ҳудудида уй қуриб олиш ҳоллари ҳам учрайди. Хусусан, 2016 йилда вилоят ҳудудида юқори кучланишли ҳаво линиялари ва катта босимдаги газ қувурларининг муҳофаза зонасида 225 та ноқонуний қурилиш аниқланиб, 96 та ҳолатда қурилиш жараёни тўхтатиб қўйилган ва объектлар бузиб ташланган. Ана шундай объектларнинг бузилишига қаршилик кўрсатган 132 нафар фуқаро судга берилган.
Аввалги йил билан таққосласак, 2016 йилда содир бўлган фавқулодда вазиятлар сони 11 тага, уларнинг оқибатида вафот этганлар 14 тага, жароҳатланганлар сони эса 34 нафарга кўпайган.
Техноген хусусиятга эга вазиятларнинг 9 тасини йўл-транспорт, қолган учтасини ёнғин ва чақнаш ҳодисалари ташкил этади. Табиий хусусиятга эга 8 та фавқулодда вазиятнинг 2 таси ит тишлаши, яна 2 таси токсик моддалардан заҳарланиш, шунчаси эпизоотик ҳолат ва қолгани зилзила ҳамда озиқ-овқатдан заҳарланиш оқибатида юз берган. Ана шулардан келиб чиқиб, тадбирда бу борада аҳолининг ҳушёрлиги, тарғибот ва ташвиқот ишларининг самарадорлигини янада ошириш, ишни тўғри йўлга қўйиш устувор аҳамиятга эга экани билдирилди.
Шунингдек, йиғилишда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи корхона ва ташкилотлар, ўта муҳим, тоифаланган объектлар раҳбар ва мутахассисларига фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳақида маълумот тақдим этилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар юкланди.
Йиғилишда 2017 йилда вилоятда аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш чора-тадбирлари дастурининг энг муҳим йўналишлари белгилаб олинди.
Ж.БОЙМУРОДОВ