Меню

Қашқадарё

29.11.2016 2081

Фуқаро муҳофазаси: МАСЪУЛИЯТ, САЛОҲИЯТ ВА АМАЛИЁТ

Ушбу ўқув аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, табиий фалокатлар юз берганда ҳудуддан жабрланганларни эвакуация қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни олиб боришда моддий-техник таъминот масалаларини қисқа вақт ичида ҳал этиш, шунингдек, ташкилотлар, идоралар ва корхоналарнинг фуқаро муҳофазаси бўйича тайёргарлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирнинг биринчи кунида уч кунлик қўмондонлик-штаб ўқув машқида эътибор қаратиладиган муҳим вазифа ва масалалар белгилаб олинди, соҳа мутахассисларига ҳаракатланиш юзасидан зарур кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Ўқув давомида зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатлар, туман эвакуация комиссияси ҳамда йиғув пунктлари ишини ташкил этиш ва кўчириб келинган аҳолини жойлаштириш каби амалий машқлар бажарилди.

Шунингдек, фуқаро муҳофазасини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, хавфли ҳудудлардан одамлар, моддий ва маънавий бойликларни кўчиришни қисқа муддатларда амалга ошириш, зилзила оқибатларини бартараф этиш, ишлаб чиқариш объектларининг хавфсизлиги, уларнинг ҳар қандай вазиятда ҳам барқарор фаолият олиб боришини таъминлаш юзасидан корхона, ташкилот ва ўқув муассасаларида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқлари олиб борилди. Ҳар бир кун якунида ўтказилган тадбирлар натижалари бўйича муҳокама ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз, фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки бартараф этиш аҳоли кенг қатламининг тайёргарлик даражаси билан узвий боғланган. Юзага келиши мумкин бўлган экстремал вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, тезкор қарор қабул қилиш, мустақил фикрлаш ҳамда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлашда, талафотларнинг олди олинишида энг муҳим омиллар саналади. Зеро, фуқаро муҳофазаси - жамият хавфсизлиги кафолатидир.

Азизбек НОРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!