Меню

Қашқадарё

04.02.2017 2449

ФОТИҲА ҚИЛАЙЛИК, ҚЎША ҚАРИШСИН

Абдусалом - Менинг қизим Москов деган шаҳарга бориб доктор бўлиб қайтган. Ҳа, ҳар ойда юз сўлкавойни қўйнингизга жарақлатиб солади.

Мўмин - Ҳа, бизни ўғлимиз-чи, Нодиржон, мухбир бўлиб шеър ёзади. Даста-даста китоблари чиқади.

Абдусалом - Менга хўроз бўлсин, тухум қилсин. Оладиганидан гапир.

Мўмин - Оладигани, ҳар қалай, ямоқчиникидан кам бўлмаса керак.

Абдусалом - Куёвтўранинг топганлари ямоқчиникидан кам бўлмайдиган бўлса, мухбир дегани ҳам ямоқчидек бир гап экан-да.

Мўмин - (ялиниб) Келинг энди, фотиҳа қилайлик, қўша қаришсин.

Абдусалом - Ҳалиги шартларга кўнсангиз кўндингиз, бўлмаса, сиз қиз сўраганингиз йўқ, мен сизга хўп деганим йўқ. Ёпуғлик қозон ёпуғлик. Гап тамом, вассалом.

***

Мўмин - Э худо! Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Мен сендан олтин сўраганмидим? Ол, олтинларингни. Бер менинг хотиржамлигимни. Юрагим эзилиб адо бўлди-ку.

***

Оқсоқол - Тўй қиламан деб, мазанг қочиб қолди. Хомушсан, одамга қўшилмайсан. Ўзинг билан ўзинг гаплашадиган бўлиб қолибсан. Расм-русумларимиз қурсин. Бизда тўй қилгунча йўғон чўзилиб, ингичка узилади. Лекин сен парво қилма. Тўйнинг бошида ўзимиз туриб, чиройли қилиб ўтказиб берамиз. Мана, озгина пул. Тўёна. Маҳалладан ёрдам. Ол. Ҳали тўйга яқин бир қоп ун, икки пуд гуруч тўғрилаб бериш ҳам маҳалла гарданига. Ахир биз сенга ҳар қанча қилсак оз. Сен юрт учун вақти келса жонингни ҳам аямагансан. Яхшиликни ҳам, оғирликни ҳам эл-юрт билан баҳам кўргансан. Баъзи бир қўшниларингга ўхшаб ўғри мушукдек ҳаёт кечираётганинг йўқ.

***

Мўмин - Ҳа, сариқ шайтон. Мени сен яна васвасага солаяпсанми? Йўқ, гапим гап. Мен сени эртагаёқ олиб бориб топшираман. Мен юрт учун жонимни ҳам аямадим, топиб олган олтинларимни аярмидим? Сен баланд-баланд иморатлар бўлиб қад кўтаришинг керак. Мактаблар, чойхоналар, боғчалар бўлишинг керак. Ўша чойхонанинг бирида мен ўлтираман. “Ҳа, чойхоначи, қани, аччиқ чойдан дамланг. Кўк чой. “Старший” қоровул бўлдингми, дейсизми? Ҳа, “старший” қоровул бўлдим. Ҳай, Нодирнинг ўғли. Кесак отма! Янги мактабнинг деразаси синади. Бу мактаб бобонгнинг олтинларига солинган. Бор уйга, бор”.

***

Абдусалом - Отаси ўргилсин. Узумини енг, боғини суриштирманг.

Дилором - Нима қилай, ўзингиз менга ҳалол узум бериб ўргатгансиз.

Абдусалом - Ҳа, баракалла. Ҳаромнинг юзи қурсин. Ҳаромдан ҳазар қиламан, қизим.

Дилором - Бўлмаса нимага шу эътиқодингиз билан ҳаром ишга қўл урдингиз? Нега эл-юрт ўртасида ҳаромхўр деб ном олган заргар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдингиз? Нима учун ёлғиз қизингизни мана шу мол-дунёга сотдингиз? Нима, мени бахтли қилмоқчи бўлдингизми?

***

Нодир - Ўзингиз келинг... Ўзлари ким бўладилар?

Қиличбек - Биз Абдусалом акага тегишли одам бўламиз. Ўзлари-чи?

Нодир - Биз ҳам Абдусалом акага тегишли одам бўламиз.

Қиличбек - Танишиб қўяйлик. Биз Абдусалом акага куёв бўламиз.

Нодир - Биз ҳам Абдусалом акага куёв бўламиз.

Қиличбек - Қариндош эканмиз-да. Божа бўлар эканмиз.

Нодир - Сўраганни айби йўқ, Абдусалом акага анчадан бери куёвмидилар?

Қиличбек - Тўғрироғи, энди куёв бўлмоқчимиз. Яқинда тўй бўладиган. Ўзлари-чи?

Нодир - Биз ҳам энди куёв бўлмоқчимиз. Абдусалом аканинг қайси жиянига уйланмоқчилар?

Қиличбек - Жиянига эмас, қизига.

Нодир - Мен ҳам қизига. Сиз қайси қизига?

Қиличбек - Билишимча, Абдусалом аканинг фақат битта қизи бор, Дилоромга.

Нодир - Мен ҳам Дилоромга...

***

Мўмин - Нодиржон, ўғлим. Қулоқ сол. Онангни қўявер. Хотинлар шунақа бўлади. Мен сени не ҳасратда қийналиб катта қилганман. Онангга сут келмаганда аптекадан сут олиб боққанман. Мен жинниманми, ўғлим, жинниманми?

***

Матлаб - Сизни йўлдан оздирган нарса аслида ўша олтин. Уни сариқ иблис деб бекорга айтишмаган. “Айнул инсан ла юшбиу илла биттураб баъд ал мавт”.

Абдусалом - Бу нима, оятми ё ҳадис?

Матлаб - Бу араб мақоли, кўзнинг очлигини фақат тупроқ тўлдиради.

Абдусалом - Жон ука, бир йўл қилиб мени Каъбатуллога олиб кетинг.

Матлаб - Сизнинг эътиқодингизни жуда ҳурмат қиламан. Лекин Каъбага олиб боролмайман.

Абдусалом - Нега?

Матлаб - Пешона тери билан топилмаган пулга ҳаж қилиб бўлмайди. Ҳажга фақат ҳалол меҳнат билан топилган пул бўлиши керак.

Абдусалом - Э, ҳа... Биласизми, укажон, қизим топилса эди. Менга йўл-йўриқ кўрсатинг, буюринг. Агар сиз буюрсангиз, нариги дунёга ҳам пиёда бораман.

Матлаб - Нариги дунёга пиёда боришнинг ҳожати йўқ. Одамлар кўтариб олиб бориб қўйишади.

***

Мўмин - Ҳа, ҳа, мана, энди жазонгни топасан. Бировнинг ҳолига сен кулма зинҳор, сенинг ҳолингга ҳам кулгувчилар бор.

Мақсудов - Ўз вақтида хабар бермаганлигингиз учун сизни ҳам қамоққа оламиз.

Абдусалом - Бировнинг ҳолига сен кулма зинҳор, сенинг ҳолингга ҳам кулгувчилар бор.

ХУРШИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!