Меню
Қашқадарё
ФОРСАЙТ ТЕХНОЛОГИЯЛАР
олий таълимда қандай аҳамиятга эга?
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида "Ўзбекистон олий таълим тизимида инновацион сиёсат ва форсайт технологиялар" мавзусида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиздаги ўндан ортиқ олий таълим муассасаларидан келган профессор-ўқитувчилар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ва оширилиши лозим ишлар, қолаверса, таълим тизимидаги ўзгаришлар, уларнинг моҳияти хусусида кенг маълумот берилди.
Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган "Академик инновациялар фонди" лойиҳаси ҳақида ҳам сўз борди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти жамоаси жорий йилнинг март ойида фонд томонидан эълон қилинган танловда иштирок этиб, "Ўзбекистонда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида олий таълим тизимида масофавий таълимни ташкил этиш модели ва технологиясини ишлаб чиқиш" мавзуси бўйича Жаҳон банкининг 90 минг АҚШ доллари ҳажмидаги грантини қўлга киритган эди.
Семинар иштирокчилари лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш жараёни билан танишди.
- Лойиҳанинг асосий мақсади форсайт марказлар ташкил этиш ҳисобланади, - дейди лойиҳа муаллифи ва техник координатори, профессор Октябр Раҳимов. - Форсайт технология - масофадан ўқитиш имконини берувчи технологиялар мажмуи ҳисобланади. Лойиҳамиз ҳам бундай технологиялар воситасида мамлакатимиз олий таълим тизимида масофавий таълимни ташкил этиш орқали аҳолининг олий таълимга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришга қаратилган.
Айни пайтда институтда лойиҳа доирасида "Форсайт марказ" учун алоҳида хона ажратилиб, замонавий услубда қайта таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилган. Яқин кунларда умумий қиймати 30 минг долларга тенг компьютер техникаси олиб келиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ