Меню
Қашқадарё
ФОРИШЛИК ИККОВЛОН "ОСИЁ"ГА НЕГА КЕЛИШГАНДИ?
Беҳруз бунга қадар икки маротаба - бирида пулни қалбакилаштиргани, иккинчисида зўравонлик қилиб, бир кишига тан жароҳати етказгани боис судланиб, белгиланган тарзда жазо ўтаган. Унинг яқин таниши бўлган Шерзод Толибовга ҳам суднинг "қора курси"си бегона эмас. У 2014 йилда ўғрилик жиноятини содир этиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2014 йилдаги ҳукми билан 6 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2017 йилда жазонинг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган. Шунга кўра, Шерзод айни вақтда ҳам ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди.
Аммо аввалги қилмишларию, олган жазоларидан тўғри хулоса чиқармаган бу нобакор кимсалар яна жиноятга қўл урди.
Гап шундаки, Беҳруз Чориев форишлик бир аёлнинг "Спарк" русумли автомобилини ҳар ойда 1 миллион 500 минг сўмдан пул тўлаш шарти билан ижарага олган эди. У киракашлик қилишни ўйлаганди. Аммо оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб ўрганган Беҳруз кўп вақтини бекорчилик билан ўтказар, ой охирида эса машина ижара пулини тўлаш унга малол келарди. Шу боис пул топишнинг осон йўлларини излай бошлади.
2019 йилнинг март ойи бошларида у таниши Шерзод Толибовга ўғрилик қилиб, пул топмоқчи эканлигини айтади ва шерикликка чорлайди. Бу таклиф Шерзодга ҳам ёқиб тушади. Улар ўғриликни ўзларини ҳеч ким танимайдиган Қарши шаҳрида амалга оширишга келишиб олишади.
11 март куни иккала шерик Беҳрузнинг "Спарк"ида Қарши шаҳридаги "Осиё" савдо мажмуаси ёнига келади. Йўл четида қолдириб кетилган машиналар уларнинг асосий нишони эди. Иккаласи икки томонга бўлиниб, атрофни кузата бошлайди.
Беҳрузнинг эътиборини "Дамас" русумли машина ҳайдовчисининг автомобилини йўл бўйида қолдириб, ўзи бозорга кириб кетгани тортади. У машина ёнига бориб, ичига назар ташлайди. Ўрта ўриндиқнинг пастки қисмида целлофан пакетда пул борлиги кўриниб турганди. Фурсатни бой бермаслик учун қўлидаги қаттиқ сим бўлаги ёрдамида машинанинг ойнасини очиб, пулни олади. Имо-ишорага асосан вазиятни англаган Шерзод эса бу пайтда атрофга кўз-қулоқ бўлиб турганди.
Шериклар бозордан узоқлашиб, пулни санаб кўришса нақ 5 миллион сўм экан. Уни иккаласи бўлиб олади ва бир неча кун кайф-сафо қилиб яшайди.
Беҳрузга кўп ўтмай яна пул керак бўлади. Энди у бир ўзи Қаршига келиб, яна "Осиё" бозори атрофида изғий бошлайди. Кўп ўтмай, бир кишининг "Спарк" машинасини йўл бўйида қолдириб, ўзи бозор ичига кириб кетаётганини кўради ва дарҳол автомобиль ёнига бориб, ойнадан салонга назар ташлайди. Ўтирғич пастидаги целлофон халтада пул бор экан. У қўлидаги темир қайчи ёрдамида машинани очиб, пулни олди ва ўз машинаси томон қайтаётган ҳам эдики, ортидан югуриб келган бир неча кишилар қуршовига тушиб қолди. Ҳудудда назорат олиб бораётган ички ишлар ходимларини йўл бўйидаги машиналар атрофида бежо юрган киши ҳаракатлари шубҳалантирган ва уни назоратга олишганди. Шубҳа эса бекорга бўлмаган экан.
Шу куни Беҳрузнинг қўлига кишан тақилди, у ўғирлаган 10 миллион сўм эса эгасига қайтарилди. Тергов-суриштирув ишлари натижасида аввалги ўғрилик ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкор бўлиб қолди.
Энди ҳар икки ҳамтовоқ бу қилмишлари учун яна бир бор қонуний жазога тортилишлари аниқ.
ЙЎНАЛИШ НАЗОРАТЧИСИМИ ЁКИ ЙЎЛТЎСАР?
Тез ва осонгина бойиб кетишнинг йўлларини қидирган, ҳалол пешона тери тўкмай, эгри йўллар билан бойлик орттиришга уринган одам борки, бу ҳаракатлар ортидан жиноят кўчасига қадам босиши тайин.
Буни Қарши шаҳрилик Нодир Гулмуродов ҳамда Жасур Собиров (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Нодир ва Жасур шаҳардаги йўловчи ташишга ихтисослашган корхоналардан бирига назоратчи бўлиб ишга киради. Мазкур субъект вилоят марказидаги учта йўналишда хизмат кўрсатиб келаётган эди.
Нодир ва Жасурнинг вазифаси ана шу йўналишлардан бирини назорат қилиш, яъни ҳайдовчиларнинг кунлик йўл варақасини олгани, тиббий кўрикдан ўтгани ва бошқа ҳужжатлари жойидалигини тешириш, ЙҲХБ ва автомобиль транспорти агентлигининг автомобиль ташувларини лицензиялаш бўйича масъул ходимлари билан ҳамкорликда қатнов йўналишида ноқонуний киракашларнинг фаолиятига йўл қўймаслик эди. Аммо ўзига топширилган вазифани аввалбошданоқ қўшимча пул ишлаб олиш учун имконият деб билган ҳар иккала ходим ишни мутлақо бошқа нарсадан бошлайди.
Улар дастлабки кунларданоқ йўналишда лицензиясиз киракашлик қилаётган ҳайдовчиларни аниқлаб, уларга "солиқ" солишга киришиб кетади. Талаб бўйича ҳар ҳафта бу йигитларга 60 минг сўмдан 100 минггача тўлаган ҳайдовчилар йўналишда бемалол қатнайвериши мумкин эди. Шартга кўнмаганлар ҳам жисмоний зуғум ўтказиш билан қўрқитилиб, пул тўлашга мажбур қилинарди. Улар анча вақт мобайнида шу усулда кўп миқдордаги пулларни қўлга киритган.
Халқимизда "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади", деган нақл бор. Аммо Нодир Гулмуродов ва Жасур Собировнинг ноқонуний фаолияти фош этилишига кўп вақт кетмади. Ҳар куни икки зўравоннинг йўлдан чиқиб, пул талаб қилишидан зада бўлган ҳайдовчилардан бири бу ҳақда ҳудудий ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат этди ва улар жиноят устида қўлга олинди. Энди эса қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришлари муқаррар.
Б.МАРДОНОВ,
Қарши шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси