Меню
Қашқадарё
ФОЛЬКЛОР МОҲИЯТИДА ЭЗГУЛИК ЁТАДИ
Халқ оғзаки ижоди ва фольклор санъати, урф-одатлар, миллий анъаналар, удумлар, халқ қўшиқларининг моҳиятини халқимиз орасида кенг тарғиб этиш, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларида номоддий меросимизга ҳурмат руҳини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда фольклоршунос олимлар, фольклор жамоалари вакиллари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, фольклор қўшиқлари халқимиз тафаккури, дунёқарашининг муҳим жиҳатларини ўзида акс эттирган ижод маҳсули бўлиб, улар моҳиятида эзгулик ётади. Улар аждодларимизнинг турмуш тарзи, кечинмалари, ҳис-туйғуларидан дарак бериб турадиган хотиралардир. Галдаги мақсад эса воҳамизда қадимдан шаклланган ушбу санъатни чуқур ўрганиш, сақлаш, дунёга олиб чиқиш, бу борада учраётган муаммолар, камчиликларни вақтида бартараф этишдан иборат.
Семинар давомида “Фольклор қўшиқларда матннинг моҳияти”, “Халқ қўшиқларининг маданий ҳаётимиздаги ўрни”, “Қашқадарё фольклорининг ўзига хос хусусиятлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Уларда илгари сурилган таклиф ва мулоҳазалар таҳлил этилди.
Фольклор жамоаларининг чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
З.РЎЗИЕВА.