Меню
Қашқадарё
ФИРИБГАРНИНГ ТУРФА ФИРИБЛАРИ
Нишонлик Икром Ибодуллаевнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаётини ҳам бунга мисол қилиб келтириш мумкин. У 1972 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, айни пайтда оиласи билан Нишон туманида яшайди. Оқ-қорани, ҳаром ва ҳалолнинг фарқини яхши ажрата оладиган ёшдаги бу киши шу вақтга қадар бир неча маротаба турли жиноятларга қўл уриб, "қора курси"га ўтирган, қилмишларига яраша жазо олган. Қолаверса, қонунларимиздаги кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик тамойилларидан ҳам етарлича фойдаланган. Бир сафар амнистияга асосан муқаррар жазодан қутулиб қолган бўлса, бошқасида тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилган. Хўш, нега? Икром Ибодуллаевнинг ўз қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, тўғри йўлга қайтиши учун. Аммо...
Айни вақтда ҳам суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган Икром бир-икки жойда ўзини Муборак туманидаги минерал ўғитлар тарқатиш омборларидан бирининг мудири сифатида таништириб, бу маҳсулотлар савдоси билан боғлиқ анча-мунча ишлар қўлидан келишини айтиб мақтанганди. Қарабсизки, ўйлаган режаси иш бериб, мурожаат этувчилар сони кўпайиб қолди. Улардан бири Қарши тумани Қовчин қишлоғида яшовчи Зариф Тожиев эди.
- Аммофос бор, тоннасини 800 минг сўмдан келтириб бераяпман, - деди Икром унинг минерал ўғит олиш мақсадида келганини эшитиб. - Пулни тўласангиз бас, йигитларга айтаман, бир кун ичида маҳсулотни уйингизга етказишади.
Зариф Тожиев Икромни аввал танимагани боис, унга пул беришга иккиланди. Буни пайқаган Икром унинг ишончини қозонишга ҳаракат қилади.
- Ака, яхшиси сизни омборга олиб бораман. Аввал маҳсулотнинг сифатини кўринг, ҳали сизга ёқадими, йўқми... Кейин қолганини келишаверамиз.
Шу куни Икром киракаш машина ёллаб, Зариф Тожиевни Муборак туманидаги минерал ўғитлар сақланадиган омборлардан бирига олиб борди. Сўнг ўзи ичкарига кириб, бир сиқим аммофос олиб чиқди ва сифатини кўрсатган бўлди.
Табиийки, Икромнинг омборга кириб чиққанини кўрган харидор аллақачон алдовга ишонган, аввал 1 тонна маҳсулот олмоқчи бўлган бўлса, энди бирйўла кўпроқ олиб, сотиб фойда қилиш фикрига ҳам келиб улгурганди.
- Сифати яхши экан, ука. Шунинг учун 10 миллион сўмлик аммофос олсамми деб турибман.
- Бу янаям яхши бўлади, ака, - деди "ўлжа"нинг ўзи ташлаган тузоққа бунчалик тез илинганидан қувонган Икром. - Сиз пулни тайёрласангиз бўлгани, етказиш бизнинг зиммамизда.
Шу куни Зариф Тожиев Икромга 3 миллион сўм пул бериб, кейинчалик яна 7 миллион сўм бериши, жами 10 миллион сўмлик аммофос минерал ўғити олишини айтди. Икром эса маҳсулотни харидорнинг уйига қадар етказиб беришни ваъда қилди. Аммо орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўта бошлади ҳамки, Зариф Тожиевнинг уйига Икром айтган минерал ўғит бормади.
Аввалига Икром қачонки, 10 миллион сўм пулнинг ҳаммасини тўлиқ олса, кейин маҳсулотни беришини айтиб, баҳона тўқиди. Аммо пулни тўлиқ олганидан сўнг ҳам ваъдаларининг ниҳояси кўринавермайди.
Бу орада Икром Нишон тумани Ширинобод маҳалласида яшовчи яна бир фуқаро - Рустам Шуҳратовни ҳам "Сизга икки кун ичида аммофос келтириб бераман", деган алдов билан чув туширди.
Унинг тузоғига илинганлардан яна бири туманнинг Самарқанд маҳалласида яшовчи Жомурод Маҳмурзаевдир. Бир неча йил муқаддам фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган бу киши янги паспорт олиш масаласида шунча давлат идоралари, қонуний хизмат кўрсатувчи муассасалар туриб, Икромга мурожаат этади.
- Паспортингизни тўғрилаб бераман, - дейди Икром унинг дардини тинглагач. - Фақат 500 минг сўм харажати бор.
Нафақага чиқиш учун тезроқ ҳужжатларни тўплаш тараддудида юрган Жомурод Маҳмурзаев бу нархга дарров рози бўлади ва шу куниёқ айтилган пулни келтириб беради. Аммо қанча кутмасин, паспортдан дарак бўлавермайди. Икром эса гоҳ уни, гоҳ буни баҳона қилиб, яна ундан пул сўрайверади. Хуллас, Маҳмурзаев жами 2 миллион 300 минг сўм пулни Икромнинг қўлига тутқазади ҳамки, янги паспортдан дарак бўлмайди.
Муқаддам содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган, махсус назоратда бўлган Икром Ибодуллаевнинг яна шунча фирибгарликка қўл ургани таажжубга солади кишини. Бунинг энг асосий сабабларидан бири айрим фуқароларнинг лоқайдлиги, бепарволиги, ўз ҳуқуқларини тўла англаб етмаслигидир. Мисол учун, ёши олтмишга кирган Жомурод Маҳмурзаевни олайлик. У янги паспорт олиш учун Икром Ибодуллаевга 2 миллион 300 минг сўм бериб, на паспортни, на пулини ололмай, ойлаб сарсон бўлган. Ўзининг фирибгарга чув тушганини билганидан сўнггина, қонуний тартибда туман ИИБга ариза билан мурожаат этди ва қисқа вақт ичида унга янги фуқаролик паспорти берилди.
Илҳом ШЕРАЛИЕВ,
Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, капитан