Меню
Қашқадарё
ФИРИБГАРНИНГ ИШОНТИРИШ ҚОБИЛИЯТИ УНИ ҚОРА КУРСИГА ОЛИБ БОРДИ
Амалиётдан маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш, яъни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Чунки бу жиноий усул ҳеч қанча меҳнат ва саъй-ҳаракат талаб қилмайди. Бундай қинғир йўлни танлаган инсон одамларни ишонтириш қобилияти, қолаверса, бироз “артистлик таланти”га эга бўлса, бас, пулнинг ўзи фирибгарнинг қўлига оқиб келаверади. Аммо ҳар қандай жиноят сингари алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш охир-оқибат жазосиз қолмайди. Қарши шаҳридаги 7-миттитуманда яшаган А.Й. ўз танишларига қилган “яхшилиги” ортидан олган “мукофоти” бунга яққол мисол бўла олади.
Муқаддам 4 марта судланган бу инсон 2018 йил март-апрель ойида “Нексия-2” русумли автомашинанинг бошқа шахсга сотилганлигини таниши О.Т.дан яшириб ва ўзига тегишли эканлигини айтиб, уни “Ака, менга пул керак, автомашинам бозорда 63 миллион сўмга баҳоланди, сизга анчагина арзон қилиб бераман, ўзингиз сотиб олинг, пулини бўлиб-бўлиб берсангиз ҳам бўлади, номингизга расмийлаштириб бераман” деб алдаган ва 50 миллион сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, А.Й. 2018 йил апрель ойининг охирида ўзи билан бир миттитуманда яшовчи таниши А.Ҳ.нинг яшаш хонадонига бориб, унга “Катта қурилиш ишини бошлаганман, пул бериб турмасангиз бўлмайди, тез кунда пулларингизни қайтариб бераман, ишонмасангиз тилхат ёзиб бераман” деб алдаб, ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан навбатдаги “ўлжа”ни 52 миллион сўмга туширган.
Бу ҳам етмаганидек, сал кам икки ойдан сўнг А.Й. яна А.Ҳ.нинг олдига бориб, Қарши шаҳридаги 2-миттитуманда жойлашган хонадонни сотмоқчи эканлигини айтган. “Барча ҳужжатлари жойида, квартира ўзимнинг номимда, бир ўзим рўйхатда тураман, гаров тариқасида фуқаролик паспортим ва уй ҳужжатларини қўлингизга бериб тилхат ёзаман” деб алдаб, А.Ҳ.нинг яна 85 миллион сўм, жами бўлиб жуда кўп миқдордаги 137 миллион сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ва ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан Ф.Й. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, фирибгарга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Сайфиддин НОРХЎЖАЕВ,
Қарши махсус прокуратураси катта нозири.