Меню

Қашқадарё

23.02.2021 1619

Фиръавн ўлимининг ҳайратланарли тафсилотлари айтилди

Мисрлик олимлар фиръавн Секененра Таа II мумиёсини компьютер томография текширувидан ўтказиб, унинг бош мияси шикастланишига оид янги тафсилотларни, жумладан, бальзамловчилар моҳирлик билан беркитишнинг уддасидан чиққан ва аввал номаълум бўлган жароҳатни аниқлашди.

Ана шу ҳақдаги мақола "Frontiers in Medicine" журналида эълон қилинган. Унда баён этилишича, қадимги Мисрни эрамиздан аввалги 1569-1554 йилларда бошқарган Секененра Таа II мумиёси 1880-йилларда топилган. 1886 йилда ўтказилган тадқиқотда унинг ўлимига сабаб бўлган бир нечта жиддий бош жароҳатлари аниқланган. Шунга кўра, олимлар фиръавн ўлими сабабларини турлича талқин этиб келишади. Бир гуруҳ у эрамиздан аввалги 1650 йилдан 1550 йилга қадар марказий ва қуйи Мисрни эгаллаб олган гигсос босқинчиларига қарши кечган жанг майдонида ҳалок бўлгани ҳақидаги фаразни илгари суради. Бошқалар Секененра жангда асир тушгач, душманлар томонидан қатл этилгани тахминини билдиради. Учинчи гуруҳ эса ҳукмдор саройда уюштирилган тўнтариш ортидан ухлаб ётган жойида ўлдирилган, деб ҳисоблайди. Охирги талқин хайрихоҳлари ўз қарашлари ҳақиқатга яқин эканлигини ўлимга сабаб бўлган жароҳатлар фиръавн бошининг фақат ўнг томонида жойлашгани, чунки у суиқасд пайтида ёнбош ётган бўлиши мумкинлиги билан изоҳлайди.     

Шундан келиб чиқилса, Секененра ўлимининг асл тафсилоти ойдинлашиши муайян тарихий қизиқишлар борасида бир тўхтамга келиш имконини беради. Қолаверса, фиръавннинг ўлдирилиши воқеаси қадимги Мисрни бирлаштиришга олиб келган омил билан ҳам чамбарчас.

Шу нутаи назар билан ишга киришган тадқиқотчилар ҳукмдор ўлимининг асл тафсилотларини аниқлаш, бу жараёнда мумиёга зарар етказмаслик учун замонавий тиббий технологиялардан фойдаланишга қарор қилишди. Компьютер томография ёрдамида олинган нусха ва сўнгги рентген тасвирлари шуни кўрсатдики, ўлими вақтида фиръавннинг қўллари орқага қилиб боғланган бўлган, уни ҳалок қилган зарбалар эса бешта турли қурол билан берилган.

"Ишониш мумкинки, Секененра оммавий қатл маросимида ўлдирилган.  Одатда бундай маросимларда бандиларга жаллод томонидан кетма-кет турли томон ва қуролдан беш марта зарба берилган, - дейди тадқиқот муаллифи, Қоҳира университети профессори Саҳар Салим. - Бундан кўринадики, фиръавн Мисрни босқинчилардан озод қилиш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, қўшинининг олд сафларида жанг қилган. Унинг ўлдирилиши эса ворисларини юртни бирлаштириш ва янги подшолик ўрнатиш учун жангни давом эттиришга ундаган".

Тадқиқот давомида олимлар Секененра ўлдирилган вақтда 40 ёшлар атрофида бўлганини ҳам аниқлаган. Бу шунга оид аввалги маълумотларга қараганда анча аниқ факт.

Қайд этиш жоиз, профессор Саҳар Салим ва Мисрнинг собиқ обидалар вазири, археолог Заҳи Ҳавас Хатшепсут, Тутанхамон, Рамзес II, Тутмос III ва Рамзес III каби фиръавнлар ва янги қироллик ҳукмдорлари мумиёларини ўрганишда биринчи бор компьютер томографиясидан фойдаланишди. Шу асосда ўша даврлар ҳукмдорлари орасидан фақат Секененра жанг майдонида фаол бўлганига иқрор бўлишган.     

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!