Меню

Қашқадарё

22.12.2020 1723

ФИКРИНГ ҚАНЧАЛИК ЎТКИР БЎЛСА, ТИЛИНГНИ ШУНЧАЛИК ЁМОН КЕСАДИ

Сараланган сатрлар

"Мутолаа - қарз олиш, ундан туғилган таассуротни оммалаштириш - қарзни узиш" деган эди "Жажман", "Донишманд Сизиф", "Бозор", "Оромкурси" каби ўзига хос асарлари билан ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга ижодкор Хуршид Дўстмуҳаммад. Шу маънода адибнинг "Озод изтироб қувончлари" китобида акс этган фикр-мулоҳазалар, Қуръони карим, Достоевский, Акутагава, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек мутолаасидан олинган, дунёнинг турли давлатларида кўрган-кечирган воқеалар ифодаси ўлароқ, мутолаагўй олдидаги ўзига хос қарзни узишдир.

Қуйида китобдан эътиборга молик фикрларни сараладик. Саҳифага сиғмаган ҳикматлар ҳам бир оламки, буни китоб тўлиқ мутолааси орқали олишингиз мумкин.

* * *

Фикрни бўғишдан кўра тубанроқ, разилроқ гуноҳ йўқ, аммо-лекин   фикрдан кўра бўйсунмасроқ куч ҳам йўқ. Кўз очган, "оёққа" туриб олган фикр - фикр эгасидан ҳам қудратли, энди у теварак-атрофдаги одамларга, дунёга, бутун оламга ўз таъсирини ўтказа бошлайди. Жисм ўлади, лекин фикр қолади. Ҳар қандай заминий ёвуз куч ҳам фикрни ўлдиришга ожизлик қилади.

* * *

"Ҳақиқат азобидан ўлиб кетмаслигимиз учун ҳам бизга санъат, яна бир бор санъат ато этилган" дейди Ницше. Чунки бадиий тафаккур қудрати ила инсон кўпчилик яшаётган ҳаёт реаллигидан кўра юксакроқ, олийроқ реаллик яратади ва ўзи сезмаган ҳолда ана ўша реалликка интилиб яшайди. Бадиий дид ва савия шу маънода ҳам халқнинг турмуш тарзини, дунёқарашини, тийнатини юксалишга ундовчи даъваткор сеҳрли куч вазифасини ўтайди.

* * *

Фавқулодда истеъдод билан яратилган асарни тез илғаб олиш қийин кечади. Ижодкор, масалан, ёзувчи атайин ҳазми оғир роман ёзмайди, унинг бадиий тафаккури тўқималаридаги ҳужайраларнинг ўзи шундай ишлайди ва шундай асар ёзади. Уни ўқиган китобхоннинг ақли бовар қилмайди, ҳатто ёзувчини телбага, хаёлпарастга чиқаради. Тўғри қилади.

Ахир, хаёл юксакликларида яшамайдиган ёзувчи ҳаёт ҳақиқатларига қаноат қилиб кун кечириб юрган одамнинг тафаккурига - туйғуларига қандай маънавий озуқа беради?

Ҳеч қандай!

Баъзан, "Ҳаётда қандай бўлса айнан ўхшатиб ёзибсиз!" дея қарсаквозлик қилишади, мақташади. Суриштириб келганда, чинакам ижодкор учун бундай баҳо - камситиш. Ҳақиқий истеъдод соҳиби ҳаётга ўхшамайдиган қилиб ёзади, реал ҳаёт ҳақиқатлари нуқтаи назаридан қараганда ақл бовар қилмайдиган қилиб ёзади.

* * *

Маҳаллий адабий қадриятлар анъанасидан нарини кўра олмаган ижодкорлар умрининг охирига қадар она сутию қуруқ нондан бошқа нарса емай яшаган одамга ўхшаб кетади. Франц Кафка ўхшатиб ёзганидек, "Энг ёмон ёзувчилар маҳаллий асарларга тақлид туфайли пайдо бўладилар".

* * *

Йилнинг янгилангани яхши, одам эскилигича қолгани чатоқ.

* * *

Айрим кимсаларнинг қўлини ечиб юборсанг, сеникини боғлашга тушади.

* * *

Одам ўзини нодонроқ кўрсатиши учун ҳам ақл керак.

* * *

Йўлда роман ўқиб юрма, ҳаётга туртиниб кетасан.

* * *

Виждон одамни кўп ҳолларда танг аҳволга солади, виждонсизлик эса танг ҳолатларда ҳам халос этади.

* * *

Кўп нарсани билсанг қариб қоласан, дейишади, йўқ, кўп нарсага ақли етган одам қариб улгурмайди...

* * *

Нега қулоғимиз иккита, оғзимиз битта?

Оз гапириб, кўпроқ тинглаш учун.

* * *

Ит билан ётсанг, бурга билан турасан.

* * *

Танқидий мулоҳаза айтиш учун бор жасоратингизни сарфлаб қўйманг, чунки танқид эшитиш учун ҳам жасорат керак бўлади.

* * *

Билимсизликдан фақат билимлилар азият чекадилар.

* * *

Бошқаларнинг фикри, таклифи дўкон растасида турган буюмдай нарса: уни тош-тарозига қўй, нарх-навосини суриштир - чоғинг келса оласан, йўқса - йўқ.

* * *

Фикринг қанчалик ўткир бўлса, тилингни шунчалик ёмон кесади.

* * *

Ҳозирги замон қарғалари пишлоқни еб бўлгачгина тулки билан гаплашишади.

* * *

Табиат адолатсизлик қилмайди, адолатсизлик табиатнинг табиатини тушунмасликдан келиб чиқади.

* * *

Супурги кексайгани сайин қаттиқроқ ва тирнаб супуради...

* * *

Тор хонада ўтирсанг ҳам дунёқарашинг кенг бўлиши мумкин.

* * *

Журналистнинг тили узун, қўли қисқа.

* * *

Бу ёруғ олам ҳар қандай инсондан бир неча юз, минг, миллион карра кексароқ, кўҳнароқ ва бойроқ. Шунга қарамай, инсон ўзининг зиғирдек ақлига ана шу мўйсафид дунё савдоларини сиғдирмоқчи бўлади. Дунёнинг барча ҳикматини  англаб етишга, улар устидан ҳукм чиқаришга уринади.

* * *

Орзу одамни ҳаёт билан, ёруғ дунё билан боғлаб туради. Юксак орзулар маҳкамроқ боғлайди. Умидсизланишга йўл қўймайди.

Худога ёлбориб орзу-умидларини изҳор қилиш орқали одам ўзини тарбиялайди. Яъни, Парвардигордан ёлбориб сўраётганларига етишиш учун ўз орзу-ниятига яраша саъй-ҳаракатда бўлади.

Орзунинг буюк амалий аҳамияти шу.

Орзу - ҳар ким ўзи учун яратган маёқ, ўзи учун яратган қўриқчи ва назоратчи ҳамдир.

* * *

Ҳар қандай шарт-шароитда ҳам виждон виждонлигича, андиша андишалигича қолаверади. Қишда бир виждон, ёзда бўлакча виждон деган тушунчанинг ўзи кулгили. Инсонни инсон қилиб турган фазилатлар алоҳида-алоҳида ажралган ҳолда "яшамайди". Ҳатто иллатлар ҳам фазилатлар орасида "кун" кечиради.

* * *

Кўз нега олдинда? Одам олға қараб юрсин учун. Орқага юриш раво кўрилганида, Худо кўзни орқа томонга ўрнатар эди.

Фақат вақти-вақти билан орқага назар ташлаб қўйсин деб бошни - бўйинни буриладиган қилди.

* * *

Ҳар қандай одам табиатида у ёки бу даражада утопия гўзаллиги ва утопия хасталиги бўлади. Утопия - ҳаётга жозиба бахш этади, утопияни ҳаётга кўр-кўрона татбиқ этиш аянчли мағлубиятга, ҳалокатга олиб келади.

* * *

Одам бевосита ё билвосита мутлақ ҳақиқатни излайди. Аксари ҳолларда ҳақни одамларда кўради: ихлос қўяди, бўйсунади, ишонади, улуғлайди, хушомад қилади ва бир куни... ишончи синиб, кўнгли қаттиқ озор чекади. "Фалончидан кўнглим ёмон қолди!" дея ёзғиради.

Ваҳоланки, мутлақиятни одамдан изламаслик керак эди. Чунки бандасида мутлақиятнинг қайсидир аломатлари мужассам топиши, у шу хислатлари билан ўзгаларни ром этиши мумкиндир, аммо-лекин у мутлақ ҳақ эмас. Мутлақ ҳақ бўла олмайди ҳам. Инсон - комилликка интилувчи жонзот, комилликнинг ўзи эмас, ахир!..

* * *

Вафот этган одам совуқ ва ёқимсиз туюлади. Бу, бежиз эмас. Чунки одамнинг тафти, ҳарорати унинг жонида бўлади. Одамнинг гўзаллигию таровати ҳам жонда мужассам.

* * *

Тириклар ўтмишдан кўра келажак ҳақида кўпроқ қайғурадилар. Отадан кўра фарзандга бўлган муҳаббатнинг кучлилиги боиси ҳам шунда.

* * *

Ҳаётнинг энг уқубатли манзараларидан бири - бола йиғиси. Гўдак боланинг хомуш ўйга толиши эса ундан-да оғир. "Боланинг оғир ўйга толиб туришига қараб туролмайман, - деб ёзади Ф.Достоевский. - Ширинлик узатсанг, оладию оғзига солмайди. Даҳшат".

* * *

Иймонли киши тадбиркор бўлиши мумкин, лекин тадбиркор киши иймонни сақлаб қолиши ғоятда мушкул. Манфаат мақсадга айланавергач, томонлар ўртасидаги кучлар нисбати ўзгаради: одам манфаат томонга ўтса, иймон ёлғизланади. Иймон сабр-тоқатга ундаса, манфаат бунга тоқат қила олмайди, тоқатсизлик забтига олган лаҳзаларда одамнинг хатти-ҳаракати муттасил иймонга зид келади.

* * *

Ҳар бир давр "Дониш киму, жоҳил ким?" деган саволни кўндаланг қўяди ва ҳар доим бу саволнинг ҳақиқий адолатли жавобини аниқлаш келажак авлодларга қолади...

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!