Меню
Қашқадарё
ФИКРИ, ФИТРАТИ ЯНГИЛАНГАН ОДАМЛАРНИ ЭСКИ АҚИДАЛАР БИЛАН ЮКСАК МАРРАЛАР САРИ БОШЛАБ БЎЛМАЙДИ
Нуқтаи назар
Биласиз, бугунги одам кечагиси эмас. Унинг онгу тафаккури янгиланган. Дунёқараши ўсган. Ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар солишни ўрганган. Таъбир жоиз бўлса, кун сайин янгиланиб, ўзгариб, такомил топиб бормоқда. Шундай экан, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини эски ақидалар орқали таъминлаш, лозим ўринда мажбуриятлари чегарасини белгилаш, ҳаётга тўғри, соғлом муносабатини шакллантиришнинг имкони кам.
Бинобарин, ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида беминнат хизмат қилиб келаётган Бош қомусимизни тубдан таҳрирлаш зарурати ана шу эҳтиёж тақозосидан келиб чиқди, десак хато бўлмайди. Қолаверса, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя йўналишларида бекор қилинган чекловлар, қўшни давлатлар билан орамиздаги "музлар эриб", янги ҳамкорлик уфқлари очилганининг Конституцияда муҳрланиши, мамлакатимиз аҳолиси 2040 йилда 50 миллионга етиши ва жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишидан келиб чиқиб, улар учун муносиб ҳаёт: барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатларга қаратилган ҳуқуқий пойдевор керак.
Минглаб кишилар ризқини четдан излаб юрганига сабаб нима?
Аслида бу кишиларни четга чиқишга ундаган асосий сабаб оиласини фаровон кўриш, фарзандларига моддий имконият яратиб беришдан иборат. Ният яхши, бироқ кўплаб ажримлар кузатилиб, бебош болалар вояга етаётганига оилада ота ўрни йўқолиб бораётгани ҳам асосий сабаб.
Кўриниб турибдики, муаммо жиддий. Шу каби жиҳатлар инобатга олиниб, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида қайд этилди.
Очиқлик бўлса, ишонч ортади - шунда иш юришади
Янги таҳрирдаги Конституция журналистларнинг эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлашга қаратилган нормаларни ҳам ўзида жамлаган. Табиийки, бу мамлакатимизда ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.
Бир жиноятга - битта жазо!
Албатта, шундай бўлиши керак. Аммо собиқ иттифоқдан қолиб кетган эскича, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилувчи баъзи норасмий чекловлар туфайли оиласида кимдир судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаб қўярди. Гарчи меҳнат қонунчилигига кўра, шахсларни яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик ҳолати ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланса-да, айрим давлат бошқаруви органларига ишга кириш жараёнида муайян бир лавозимга талабгорлар учун айнан шундай реал тўсиқ - яқин қариндошларининг судланганлик факти ҳисобга олинарди. Шу туфайли қанча ёшлар ўз орзуларидан воз кечишган, ўзлари қизиққан касбда ишлолмаган ҳолатлар бор. Бу ҳолат қариндош-уруғлар ўртасида низолар, норозиликларга сабаб эди.
Янги лойиҳада "Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас" деган конституциявий норма бу каби ноқулайликларга чек қўяди.
Ҳуқуқийлик ва аҳлоқийлик муштарак Қомус
Уч минг йиллик давлатчилик тарихимизда ахлоқ қоидалари устувор бўлган даврлар тажрибасига эгамиз. Биргина "Авесто"нинг ўзи ахлоқий-ҳуқуқий уйғунликдаги энг қадимги нодир ёзма манба ҳисобланади. Унда одамийлик, адолат, ҳақиқат, эзгулик, бунёдкорлик, маърифатпарварлик, фарзандлар тарбияси каби аҳлоқнинг муҳим тамойиллари аждодларимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлган.
Соҳибқирон Амир Темур бошқарув сиёсатида ҳам ижтимоий ҳимоя, бағрикенглик, бунёдкорлик, маърифатпарварлик, тарбия, адолат каби ахлоқий нормалар устувор бўлган.
"Темур тузуклари"даги "Давлат ишларининг тўққиз улуши машварат, кенгаш ва тадбир, қолган бир улуши қилич билан бажо келтирилади", "Султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар бўлсин", "Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим", деган қайдлари ҳуқуқий ва ахлоқий муносабатлар уйғунлигининг ноёб дурдонаси сифатида муҳим ибрат мактабидир.
Дарҳақиқат, инсоният тараққиётида ахлоқ масаласи муҳим аҳамиятга эга. Жамият тараққиёти айнан ахлоқий камолотга эришган инсонлар маънавий қиёфаси билан чамбарчас боғланган.
Янгиланаётган Конституцияда ҳуқуқий демократик давлат қурилишида ўтмиш маънавий меросига ижодий ёндашиб, бугунги барча ижтимоий муносабатларни такомиллаштиришда фойдаланилган. Биргина "Давлат - жамият - инсон" парадигмасининг "Инсон - жамият - давлат" сифатида талқин этилаётгани инсон манфаати ҳар нарсадан устун эканини англатади. Бу қоида инсоний маънавий маданиятнинг бир кўриниши бўлиб, ахлоқнинг энг муҳим жиҳатидир.
"Миранда қоидаси" ва "Хабеас корпус"
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада ошганига мисол сифатида халқаро "Миранда қоидаси", "Хабеас корпус" тартиби янада кенгроқ жорий этилаётганини келтириш мумкин.
"Хабеас корпус" - шахс эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суднинг қарори асосида амалга оширилиши шартлиги талабидир. Бу қоида шахсий эркинлик дахлсизлигини кафолатлаб, тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган. Масалан, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Ёки "Миранда қоидаси"га биноан ушланган шахс сукут сақлаш, сўроқ жараёнида адвокати иштирокини талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалиги содда тилда шахсга илк сониялардаёқ тушунтирилади. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгиланаётир.
Ўқитувчилар - миллат тарбиячилари
Ногиронлиги бор болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши ҳам уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари, ўзларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис қилиши ва имкониятларини янада кенгайтирадиган қоида сифатида қайд этиш мумкин.
Жамият ривожи, тараққиёти, барқарорлиги бевосита ўқитувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, ўқитувчилар - миллат тарбиячилари. Уларнинг обрўси, мақоми жамият маданият даражасини белгилайди. Бу ахлоқнинг энг муҳим қоидаси янгиланаётган Конституциянинг 52-моддасида муҳрлаб қўйилди.
Умуман олганда, янгиланаётган Конституция ҳуқуқийлик ва ахлоқийлик туташган ҳужжат сифатида элу юрт учун бирдек манфаат берувчи қомусдир. Янги таҳрирдаги Конституция ҳаёти фаровон, одамлари рози, қонун устувор жамият қуришга қаратилгани билан эътиборга молик. Шундай экан, ушбу жараёнга бефарқ бўлмаслигимиз, ўз фикримиз, нуқтаи назаримизни ифода этишимиз даркор. Гап биров эмас, ўз ҳаётимиз, эртамиз ҳақида бораётир.
Лола САОДАТОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати