Меню

Қашқадарё

12.05.2020 1503

ФИДЯГА ОИД САВОЛ-ЖАВОБЛАР

Билиб қўйган афзал

Рамазон ойи фидясини ҳам фитр садақаси каби муддатдан аввал адо қилса бўладими?

- Рамазон ойи фидясини Рамазон ойи кирмасидан аввал бериш жоиз эмас. Рамазон ойи киргач эса бўлаверади, яъни Рамазоннинг биринчи кунида қолган кунлар фидясини берса жоиз.

Қазо рўзаларнинг фидясини бир вақтда битта мискинга берса бўладими?

- Бир неча куннинг фидясини бир мискинга бир вақтда бериш мумкин. Лекин бу масалада турли хил қарашлар мавжуд бўлгани учун бир неча кунлик фидяни бир неча кишиларга берган афзал. Лекин бир мискинга бериб қўйган бўлса ҳам адо бўлаверади.

Қасам каффоратининг акси ўлароқ, бир неча кунлик намоз, рўза кабиларнинг фидяларини бирданига фақирлардан бирига бериш жоиз, чунки бунда бир кунда битта фақирга ярим соъдан ортиғини бериш жоиз бўлмайди (ҳар кунлик фидянинг миқдори фитр садақаси миқдоричадир, яъни буғдойдан ярим соъ - 1900 грамм, арпа ва хурмодан бир соъдан - 3800 грамм ёки буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо қилинган бўлади).

Рўза тута олмаганлар барча фидясини бир кишига бирданига берса жоиз. Лекин қасамни бузганнинг, зиҳорнинг, рўзани очиб юборганнинг каффорати бундай эмас. Лекин Рамазон рўзасини қасддан бузган кишининг каффорат фидяси олтмиш кунлигини бир кишига бир кунда бериб қўйиши мумкин эмас. Берган тақдирда бир кунлик каффорат фидясини бўйнидан соқит қилган бўлади, холос.

Бир мискинни эрталаб ва кечқурун, олтмиш кун тўйдирса ёхуд     олтмиш кун фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса, жоиз бўлади. Ёки олтмиш мискинни эрталаб ва кечқурун бир кун тўйдирса ёхуд алоҳида-алоҳида фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса бўлади.

"Эрталаб ва кечқурун" деган қайддан мурод эрталаб олтмиш мискинни таомлантирсаю, кечқурун бошқа олтмиш мискинни таомлантирса, фидя адо бўлган ҳисобланмайди. Токи эрталаб таомланганларга кечки таом ёки кечқурунгиларга нонушта қилиб бермагунича. Бир кишини эрталаб таомлантирсаю, кечқурун бошқани таомлантирса, ўша кунги фидя адо қилинмаган бўлади.

Қартайиб қолган кишилар (ёки сурункали касал бўлган беморлар) ва каффорат рўзасининг фидясини адо қилаётганнинг ўртасида фарқ бор, яъни улар (ёки сурункали касал бўлган беморлар) бир мискинга бир кунда фидяларини адо қилсалар бўлаверади.

Қодир бўлатуриб намоз ўқимай ёки рўза тутмай фидясини адо этса, бўйнидан соқит бўладими?

- Динимизда бу амалларга қодир бўла туриб, фидясини тўлаш билан ўша амаллар бўйнидан соқит бўлмайди. Рўза тутишдан ожиз қолганлар рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир.

Вафот этганларнинг қазо рўзалари учун фидя бериш зарурми?

- Намоз ва рўза ўз вақтида бажарилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло томонидан бандаларига фарз қилинган амаллар жумласидандир. Қолаверса, қиёмат кунида биринчи бўлиб сўраладиган амаллардир. Шундай экан, киши бу амалларни ўз вақтида адосини, вақтида адо қилмаган бўлса қазосини, буни ҳам адо қилмаса вафотидан олдин фидясини беришни яқинларига васият қилиши, яқинлари эса марҳумнинг намоз ва рўзаси қазоларининг фидясини беришлари фарздир.

Зиммасида Рамазон рўзасининг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар. Ҳанафийлар наздида марҳумнинг фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар    наздида эса васият қилмаса ҳам яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозимдир. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир.

Марҳум тарафидан фидяни адо қилишнинг бир неча масалалари бўлиб, уларни билиш ҳар бир кишига зарурдир.

Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор кишига вафотидан аввал уларнинг фидясини тўлашни васият қилиш фарздир. Васият қилмай вафот этса, гуноҳкор бўлади.

Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, кафанлаш, қабрга қўйиш ва қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулк, уй-жойлари қийматининг учдан биридан унинг фидясини адо қилиш фарз бўлади. Адо қилинмаса, гуноҳ бўлади.

Агар марҳум фидя тўлашга васият қилмаган бўлса ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга раҳм-шафқат ифодасидир.

Назр рўзаларнинг фидялари ҳам Рамазон рўзасининг фидяси кабидир. Масалан, бир киши рўза тутаман, деб назр қилсаю, тута олмай вафот этган бўлса, фидяси тўланади. Ҳар душанба ва пайшанба кунларда рўза тутишни назр қилган одам тута олмай қолгани каби.

Ҳар пайшанба рўза тутаман, деб назр қилса, бирор кун тута олмай қолса, қазоси лозим бўлади.

Маййитнинг фидясини тўлаш чоғида барчасини бир пайтнинг ўзида тўлашга имкон бўлмаса, масалан, уй-жой бору, сотиб фидяни тўлаш ўрнига сотмасдан фидясини тўламоқчи, шунда оз-оздан тўлаш ҳам мумкин.

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти маълумотлари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!