Меню

Қашқадарё

16.08.2024 5610

Фидойи ишбилармонларга мукофотлар топширилди

Эътироф

Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Президентимизнинг 2024 йил 14 августдаги “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига асосан тақдирланган қашқадарёлик ишбилармонларга  мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни вилоят ҳокими Муротжон Азимов очиб берар экан, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, ишбилармонлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз ўрнида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, соҳада юксак ютуқларни қўлга киритаётган, ўзи ҳам бойиб, элга, юртга ҳам нафи тегаётган фаол тадбиркорлар меҳнатлари эътироф этилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда 2024 йилнинг 1 июль ҳолатида вилоятимизда фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари 24 минг 400 дан ошиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларда бир неча юз минглаб инсонлар иш билан банд этилган.

Биргина Муборак туманидаги “Шодлик пахта-дон кластери” масъулияти чекланган жамиятини олайлик. Ушбу корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, экспортга чиқариш борасида вилоятдаги энг йирик субъектлардан бири ҳисобланади. Корхонанинг нафақат Муборак тумани, балки Қарши шаҳри ва Деҳқонобод туманларида ҳам ўз филиаллари, ишлаб чиқариш мажмуалари бор. Бугунги кунда жамиятда жами 500 дан ортиқ киши ишлайди.

МЧЖ раҳбари Абдушукур Даниевнинг Президентимиз фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан мукофотланиши тадбиркорнинг бу борадаги меҳнатларига берилган муносиб баҳо бўлди.

-  Қилаётган ишларимиз, эришаётган ютуқларимизнинг барчаси аввало Президентимиз томонидан бизга яратиб берилаётган шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар натижасидир, - дейди Абдушукур Даниев. – Давлат раҳбари фаолиятимиз учун шунча шароит яратиб бериб, шунча қўллаб-қувватлаб, яна меҳнатларимизни бундай юксак мукофотларга лойиқ кўриши киши қалбини тўлқинлантириб юборади, албатта. Бу мукофот менга янги куч, шижоат бағишлаш билан бир қаторда, жуда катта масъулият ҳам юклайди. Ҳали олдинда катта-катта мақсадларимиз, режаларимиз бор. Уларни амалга ошириб, янги-янги корхоналар бунёд этиш, янги иш ўринлари яратиш билан билдирилган бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимларига давлат мукофотлари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. 

Тадбир Қарши шаҳридаги муҳташам манзиллардан бирида уюштирилган байрам дастурхони атрофида давом этди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!