Меню

Қашқадарё

12.05.2016 2048

ФИДОЙИ АЁЛЛАР ЁД ЭТИЛДИ

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда фахрий ва фаол аёллар ҳамда ўқувчи ва талаба ёшлар вакиллари иштирок этишди.

- Халқимизнинг ўтганлар хотирасини ёдга олиш, кекса инсонларни эъзозлашдек олижаноб қадрияти Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирларда янада яққол намоён бўлмоқда, - дейди Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. - Зеро, бу ёруғ ва дориломон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ва осойишта замоннинг қадрига етиш ва шукроналик туйғуларини ҳис этиш биз учун фарз. Чунки ана шу инсонларнинг ҳаёти биз учун ибрат мактабидир.

Дарҳақиқат, М.Ҳасанова, Р.Аминова, Т.Аралова, М.Узоқова, З.Тошева, Н.Раҳматуллаева, О.Жалолова, М.Жумаева, Н.Акромова, М.Муродова сингари фидойи аёллар бугун орамизда йўқ бўлишса-да, уларнинг босиб ўтган сермазмун ҳаёт йўллари ёш авлод учун ўрнак бўлгулик. Улар ўз меҳнатлари билан эзгулик ҳамиша барҳаёт эканлигини исбот этиб кетдилар. Тадбирда сўзга чиққанлар бу фидойи аёллар босиб ўтган ҳаёт йўллари ҳақида батафсил тўхталдилар.

Тадбир давомида хотирланганларнинг ибратли ҳаёт йўлига доир суратлар намойиш этилди.

Ш.КАРИМОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!