Меню

Қашқадарё

23.08.2019 1490

ФЕРМЕРНИНГ АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИ ҲАМ ҚАНОАТЛАНТИРИЛМАДИ. НЕГА?

Гап шундаки, Чироқчи тумани ҳокимининг 2009 йилдаги тегишли қарори билан "Суюнов Аҳмад Суюнович" фермер хўжалигига туман захирасидаги 400 гектар ер майдони ғаллачилик билан шуғулланиш учун 49 йил муддатга  ижарага берилган. 2017 йилдан эса фермер хўжалиги раҳбарлигига Ёдгорбек Аралов тайинланган.

Аммо орадан кўп ўтмай, туман ҳокимининг тегишли қарори билан ижара шартномаси бекор қилинган. Ер эса қайта тендерга қўйилиб, ҳудуддаги бошқа фермер хўжаликларига қўшиб берилган. Узоқ муддатга ижарага берилган ернинг асоссиз равишда қайтариб олинганидан норози фермер дастлаб туман ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўраб, туман маъмурий судига мурожаат этади. Аммо судда унинг мурожаати қаноатлантирилмайди. Шундан сўнг туман маъмурий судининг ушбу қароридан норозилигини билдириб, вилоят маъмурий судига апелляция тартибида шикоят қилган.

Вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатининг ўрганишлари натижасига кўра, Чироқчи тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, фермернинг шикояти эса яна қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Нега?

Боиси, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан мазкур фермер хўжалиги фаолияти ўрганилганда, кетма-кет уч йил давомида давлатга ғалла топшириш режасини бажармасдан, ердан самарасиз фойдаланиб келаётгани аниқланган. Мисол учун, Чироқчи тумани статистика бўлими томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, фермер хўжалиги 2016 йилда давлатга 180 тонна ғалла сотиш бўйича шартнома тузган бўлса-да, амалда 56,9 тонна дон топширган. Бу эса шартнома режасининг бор-йўғи 31,6 фоизга бажарилганини кўрсатади. Худди шунингдек, 2017 йилда 150 тонна ўрнига давлатга 36,3 тонна ғалла топшириб, шартнома режасини 24,2 фоизга бажарган. 2018 йилда эса қабул пунктларига умуман ғалла топширмаган.

Шунингдек,  Шаҳрисабз туманидаги "Дон халқ ризқи" АЖ томонидан берилган маълумотга кўра, "Суюнов Аҳмад Суюнович" фермер хўжалигининг жамият олдидаги қарздорлиги 2018 йилнинг 22 октябрь ҳолатида 103 миллион 474 минг 800 сўмни ташкил этган.

Бундай ҳолатда маҳаллий ҳокимликнинг фермер хўжалиги билан тузилган ерни узоқ муддатга ижарага бериш тўғрисидаги шартномани бекор қилиши  қонун ҳужжатларига номувофиқ эмас.

Шунга кўра, вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси фермернинг шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

И.МАХАМАТОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори

А.ЧУЛЛИЕВ,

вилоят прокуратураси гуруҳ раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!