Меню

Қашқадарё

30.07.2016 2041

ФЕРМЕРЛИК ҲАРАКАТИ: ЮТУҚ ВА ИСТИҚБОЛДАГИ МАҚСАДЛАР

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлик гуруҳлари раҳбарлари ва аъзолари, фермер хўжаликлари раислари иштирок этишди.

Унда сўз олганлар мустақиллик йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг юзага келиши ва унинг соҳада етакчи кучга айланиши, мамлакат ички бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, хорижга экспорт қилиш масалалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидланганидек, истиқлол йилларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳани тубдан яхшилаш мақсадида кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг самарасида мамлакатимизда янги мулкдорлар синфи - фермерлик ҳаракати шаклланди. Уни янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий-молиявий мустақиллигини  мустаҳкамлаш мақсадида  бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилиниб, фермер ва деҳқонлар фаолиятининг ҳуқуқий асоси яратиб берилди. Бу каби ислоҳотлар натижаси ўлароқ бугунги кунда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда етакчи кучга айлангани сир эмас. Ҳозирда мамлакатимизда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқараётгани ушбу    фикрларга далил бўлади.

Тадбирда бугунги кундаги долзарб вазифалар – фермер хўжаликларида қўшимча тармоқлар ишини йўлга қўйиш, шу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларнинг ўзида қайта ишлаш, қадоқлаш, рақобатбардош тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқариш, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш каби мавзуларда ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида вилоятимиздаги фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!