Меню
Қашқадарё
ФЕРМЕРЛАР КЕНГАШИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Тадбир кун тартибидан 3 ташкилий масала ўрин олди. Хусусан, вилоят фермерлар кенгашини вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этиш, янги уставни тасдиқлаш, кенгаш раёсати ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаб олиш таклифи илгари сурилди.
Ҳар бир масала юзасидан делегатлар музокарага чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Улар томонидан таъкидланганидек, бугун юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ қилишга қаратилган кўламдор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тармоқдаги етакчи куч ҳисобланган фермерлик ҳаракатини фаол қўллаб-қувватлаш, ердан самарали фойдаланишни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитининг ҳисобга олиниши муҳим аҳамият касб этаяпти. Натижада маҳсулдорлик ошиб, аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминланишига эришилмоқда. Жорий йилда вилоятимиз деҳқонлари томонидан 410 минг тонна сифатли пахта хомашёси, шунингдек, режадан 70 минг тонна кўп буғдой етиштирилгани бунинг исботидир. Қолаверса, чорвачилик, полизчилик, боғдорчилик, сабзавотчилик каби тармоқларда ҳам ўсиш юқори бўлганини кўриш мумкин.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга кўра, тизимда бозор механизмларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини тобора ошириб бориш, аҳоли ихтиёрида бўлган томорқа ерларни мақсадли ишлатишни йўлга қўйиш, бу борадаги жамоатчилик назоратини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, фойдаланилмай келган ресурс ва имкониятларни самарали ишга солиш кўзда тутилган. Делегатлар ушбу вазифалар ижроси соҳада сифат ўзгаришлари ясашга шароит ҳозирлашини алоҳида қайд этишди.
Конференцияда вилоят фермерлар кенгашини вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этиш таклифи бир овоздан маъқулланди. Кенгашнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари акс этган янги устави ҳам умумий овоз бериш йўли билан тасдиқланди. Шундан сўнг делегатлар янги кенгашнинг раёсати ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаб олишди. Кенгашнинг мазкур органлари таркибига нафақат фермер хўжаликлари раҳбарлари, балки деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вакиллари ҳам киритилгани аҳамиятлидир.
Касби туманидаги “Қамаши русти-рости” фермер хўжалиги раҳбари Эшқурбон Хоналиев номзоди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига маъқулланди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Мухтор Ҳайитмуродов сўзга чиқди.
М.ЖЎРАЕВ