Меню
Қашқадарё
ФЕРМЕР ТИББИЁТ ТУРИЗМИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙМОҚЧИ
- Фермер хўжалигимиз тасарруфида 149 гектар суғориладиган ер ҳамда 20 гектар яйлов мавжуд, - дейди хўжалик раҳбари Қосим Шаймардонов. - Сувли ерда асосан пахта ва уруғлик ғалла етиштирамиз. Шу билан бир қаторда, қўшимча тармоқ сифатида чорванинг барча турларини боқишни йўлга қўйганмиз. Минг бошдан ортиқ қўй, эчкимиз бор. Яна 60 қорамол, 12 от, 5 туя парваришлаяпмиз. Йилига қарийб 10 тоннага яқин гўшт, ҳар куни 200 литрга яқин сутни ички бозорга етказиб бераяпмиз. Даромад ҳам шунга яраша. Қолаверса, яқинда хориждан яна 10 бош зотдор мол олиб келиш учун келишувга эришдик. Уларни ўзимизнинг шароитда кўпайтириб, чорвачилик тармоғимизда маҳсулдорликни янада оширмоқчимиз.
Фермернинг таъкидлашича, у ҳозирги кунда хўжалик тасарруфида тиббиёт туризмини йўлга қўйиш ҳаракатида. Зеро, бунинг учун маблағ ҳам, шарт-шароит ҳам, бизнес-режа ҳам тайёр. Фақат керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, рухсатнома олса бўлгани.
- Хўжалигимиз ҳудудида ер тагидан 70 даража иссиқликдаги сув чиқади, - дейди фермер. - Бу сув саломатлик учун жуда ҳам фойдали. Сувнинг шифобахшлиги, таркибида инсон саломатлиги учун жуда кўп минерал моддалар мавжудлиги мутахассислар томонидан ҳам тасдиқланган. Авваллари бу ерга кўпчилик келиб, даво сифатида сувдан фойдаланарди. Кейинчалик қаровсиз ҳолга келиб қолгач, шифо истаб келувчилар сони ҳам камайиб кетган. Боиси, келувчиларнинг ётиши, ҳатто бироз дам олиши учун ҳам ҳеч қандай шароит йўқ. Мана шу ерда замонавий шарт-шароитларга эга сиҳатгоҳ қурмоқчиман. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, қўшни давлатлардан келувчилар ҳам сиҳатгоҳда тиббий муолажалар, маъданли сув, қолаверса, туя сути ёрдамида даволаниш имконига эга бўлади. Тўғриси, бу режа аввал ҳам бор эди, лекин ҳужжат ишлари қийинлигини ўйлаб, ҳаракат қилмагандим. Президентимиз томонидан хусусий тиббиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор мени бу ишни тезроқ амалга оширишга ундамоқда.
Фермер Қосим Шаймардонов билан суҳбатлашар экансиз, ундаги ташаббускорликни кўриб, янги-янги режалари, мақсадларини тинглаб, шижоатига тан бермай илож йўқ.
- Яна бир режам бор, - дейди у сирли оҳангда. - Келгусида ана шу иссиқ сув ёнидан камида икки гектарлик замонавий иссиқхона ҳам қурмоқчиман. Ер тагидан чиқаётган иссиқ сувни шунчаки қувур орқали ичкаридан олиб ўтсангиз, керакли ҳарорат таъминланади. Шундай имконият бор экан, нега фойдаланмаслигимиз керак?!
Ҳа, имкониятлардан унумли фойдаланиш, қўшимча тармоқларни йўлга қўйиш, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш бугунги кун фермерларидан талаб этилаётган устувор вазифа ҳамдир. Ана шу талабларга жавоб берган фермергина юрт тараққиёти, халқ фаровонлигига, аҳоли бандлигига хизмат қилиши тайин. Аксинча, соҳага шунчаки моддий манфаат манбаи сифатида қараган, ишни тўғри йўлга қўя олмаган фермерлар ўзига ҳам, жамиятга ҳам наф келтира олмай, бошқа соҳанинг этагини тутишга мажбур бўлаётгани-да бор гап.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.