Меню
Қашқадарё
ФАСТФУДУ БУРГЕРЛАР ҚАРАМЛИКНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИМИ?
Халқаро расмий маълумотлар қайдларида баён этилишича, инсон сиҳат-саломатлиги, узоқ умр кўриши, давомли сермаҳсул меҳнат қилиши 70 фоиздан кўпроқ ҳолатда овқатланиш омилига боғлиқ экан.
Бизда таомнинг тури кўп. Бугун тез тайёрланадиган ёки ярим тайёр янгича истеъмол маҳсулотлари ҳам бозорлардан кенг жой олди. Хўш, уларнинг бу борадаги ўрни қандай?
Тан олиш керак, фастфуд, картошка фри, гамбургер, чипси кабилар нафақат ресторан, кафе, газакхоналарда, балки кўча-кўйларда ҳам тез ва осон тайёрланадиган емак сифатида кўпчиликнинг, айниқса, ёшларнинг севимли танловига айланиб бормоқда. Чунки улар ширин ва мазалилиги, четдан кириб келган янгилик сифатида эътиборни кўпроқ тортиши, тайёрлашдаги тезкорлик имконияти билан ҳозирги серташвиш ва шиддатли ҳаёт талабларига мос келиши ҳамда унчалик қиммат эмаслигига кўра устунликка эришаяпти.
Биз таом танлашда ана шу омилларга кўпроқ эътибор қаратишимиз тез тайёрланадиган ёки ярим тайёр янгича истеъмол маҳсулотларининг фойдали ёки зарарлилиги, инсон сиҳат-саломатлигига таъсирини билиш ихтиёримизни бироз четга суриб қўяди. Ваҳоланки, соғлом овқатланишда бу жиҳат энг муҳим ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда суткалик меъёрий энергия сарфи эркаклар учун ўртача 2200 ккал (килокалория), хотин-қизлар учун 1800-2000 ккал атрофида бўлиши керак. Шундан ортиқча қабул қилинган калория эса ўз-ўзидан организм учун зарарли ҳисобланади.
Мисол учун, яримта ширин кулча, ёғда қовурилган котлет, бир бўлак пишлоқ ҳамда сабзавот ва кўкатлардан иборат "Гриль Гурма" бургери (ўртача 896 ккал) тушликда картошка фри (330 ккал), 0,5 литр кока-кола (170 ккал) билан истеъмол қилинса, умумий калория 1396 ккални ташкил қиларкан. Демак, бир тушликнинг ўзида (энергетик нуқтаи назардан) кунлик меъёрнинг ярмидан ортиқроғи паққос тушириб олинар экан. Бунга яна эрталабки нонушта ва иккинчи тушлик ҳамда кечки овқат энергияси қўшилса, меъёрдан 1,5-2 баравар ошиб кетиши ҳеч гап эмас.
Бу ҳолат натижасида секин-аста ортиқча тана вазнига эга бўлиш, семириш ва улар билан боғлиқ бўлган юрак-қон томирлари, ошқозон-ичак, моддалар ва энергия алмашинуви касалликлари учун кенг йўл очилади. Мана шундай тез тайёрланадиган фастфуд, полуфабрикантлар ишлаб чиқарадиган корхоналарда ишлайдиган хизматчиларнинг таомномасида ўзлари етказиб берадиган таомларнинг мунтазам ўрин олиши сабабли улар тана массаси уч ой ичида 3-10 килограммга кўпайганлиги қайд қилингани - факт.
Фастфуд тайёрлашда кўпинча тўйинган ёғ кислоталари (маргарин, ҳайвон чарви ёғи ва бошқалар) қўлланилиб, улар ҳазмни қийинлаштиради, иккинчидан, концерогенлик (саратон чақирувчи) хусусиятга эга. Хусусан, маргарин юқори ҳароратда зарарли трансёғларга айланиб, танамиздаги иммунитет кескин пасайишига, меъда ва ичаклар шиллиқ қаватининг яллиғланишига, улар ҳимоя функциясининг кучсизланиб кетишига олиб келади. Боз устига, фастфуд учун гўшт, картошка ва бошқа сабзавотларнинг ўта юқори ҳароратда пиширилиши ушбу масаллиқлардаги фойдали витаминлар ва минералларни умуман йўқотиб юбораркан.
Шундай бўлса-да, бугун кўпчилик тез тайёрланадиган ёки ярим тайёр янгича истеъмол маҳсулотларига муккасидан кетиб улгурган. Бунга сабаб, бир сўз билан айтганда, уларнинг ширину хуштаъмлигида эмас экан. Улар кишиларда ширин, шўр ва ёғли таомларга қарамлик туйғусини ҳам пайдо қиларкан.
Яъни шакар, ёғ ва тузга бой маҳсулотларни кўп истеъмол қилавериш натижасида мияда нейромедиатор дофамин фаоллиги кучаяди. Унинг эса организмга ҳузур-ҳаловат берувчи хусусиятга эга эканлиги тўлиқ тасдиқланган.
Мисол учун, биз ҳаётда ижобий натижаларга эришсак, организмда дофамин кўпайиб, унинг қайд қилинган хусусияти боис кайфиятимиз чоғ бўлади, хурсанд ва мамнун бўламиз, бу ҳолат ҳаммага ёқади. Аммо бундай хушкайфиятлилик тез ўтувчи бўлади ва мамнунликка олиб келувчи гормонлар фаоллиги (шу жумладан, дофамин ҳам) дарҳол пасайиб, одам ниманидир йўқотиб қўйгандек бўлади (ҳатто депрессия элементлари кузатилиши мумкин). Худди шундай, киши муайян таом истеъмолидан ҳузур-ҳаловат ҳолатини туявериши билан ўз организмини шу кайфиятга ўргатиб қўяди, бошқача айтганда, унга қарамлик шаклланади.
Сигарет ва бошқа кайф берувчи моддали ўсимлик маҳсулотларини чекувчи, алкоголли ичимлик шайдоларининг ҳам хатти-ҳаракатларини, бангилигини қайд қилинган психофизиологик механизм асосида тушунтириш мумкин.
Шундай қилиб, фастфуд ва бургерлар таркибидаги ҳамда ҳазм йўлида ҳосил қилган зарарли кимёвий бирикмалар билан бир бутун организм аста-секин заҳарланиб боради. Ёш болалар ва она қорнида ривожланаётган ҳомила учун бундай заҳарланиш жуда хавфли, улар охир-оқибатда нафақат жисмоний, балки ақлий жиҳатдан ҳам заиф бўлиб қолиши мумкин.
Шунингдек, фастфуду бургерлар, музқаймоғу картошка фри ва чипслар ўзларида ҳосил қиладиган заҳарли ва зарарли моддалари билан ичак тизимидаги эндоэкологияни бузиб ташлайди. Танамиз иммун тизими учун асосий жавобгар бўлган минглаб, миллионлаб микроблардан иборат фойдали микрофлорани қириб юборади. Бинобарин, иммун кучимиз 80 фоиз ҳолатда айнан мана шу микрофлора фаолиятига боғлиқ.
Хўш, тинимсиз реклама қилинадиган, боз устига нафақат ресторану кафеларда, балки кўча-кўйларда ҳам кечаю кундуз ўзини кўз-кўз қилиб турган хилма-хил мазали фастфуду бургерлар, музқаймоқларга айниқса болажонлар, хотин-қизларимизнинг ҳаваси келаверса, нима қилиш керак? Улардан қандай чекланиш, йироқлашиш мумкин?
Биз юқорида баён қилган фикрларимиз билан улардан тамоман воз кечиш керак демоқчи эмасмиз. Ойида бир ёки икки марта (ҳар куни эмас) бундай таомлар еб туриш соғлиққа унча зарар келтирмайди. Уларни уй шароитида тайёрлаб истеъмол қилиш эса энг яхши вариант.
Кепаги бутунлай ажратиб ташланмаган маҳаллий нав буғдойлардан бир бўлак қолипли ёки тандир нон, узоқ вақт туриб қолмаган ёғда (ўсимлик ёғи, қуйруқ ва сариёғ аралашмаси) қовурилган котлет, тегишли сабзавотлар, зираворлар, вақти ўтиб кетмаган озгина қайла ҳамда кўкатлар билан тайёрланган маҳаллий фастфуд, бургерлар барчамиз учун безарар ва фойдалидир.
Ёқимли иштаҳа!
Шониёз ҚУРБОНОВ,
биология фанлари доктори, профессор
Гулноза БУРАНОВА,
биолог-физиолог