Меню

Қашқадарё

14.02.2017 1974

ФАСОҲАТ МУЛКИДА ҲАМ ЭРУР ПОДШОҲ...

Бобурнинг беҳаловат умри гарчи уруш-юришлар, салтанат ташвишларига ғарқ кечган бўлса-да, у бу нотинч ҳаётни адабиётга, ижодга ошнолик билан сермазмун қила олди. Саноқли бўлса ҳамки, икки девонида бири биридан дилбар ғазаллар қолдирди. Унинг ғазалиёти асосан Шарқнинг анъанавий мавзуси – муҳаббат ва ошиқликни тараннум этса-да, шоирнинг “мен”и бу сатрлар ортидан ошкора бўйлаб туради: гоҳида чархнинг зулму ситамларидан тўйган Бобурни, гоҳида олислардан туриб, она юртининг жамолига соғинч-ла кўз тиккан Бобурни, баъзида ўзига насиб этган шу мартаба ва салтанатдан розию баъзан баридан этак силкиб кетиш истагига тушган Бобурни кўрамиз. Аввало, шоир ғазалларида самимийлик бор. Худди “Бобурнома”даги сингари ғазалу рубоийларида ҳам муаллиф ўз туйғуларини ошкора, мусаффолик билан, холисона билдиради. Айниқса, ҳасби ҳол характерига эга ғазалларида унинг ҳаётига доир кўплаб маълумотларнинг шеърий ифодаси жамланганини кузатиш мумкин. Гарчи подшоҳ бўлса-да, бир тарафи, Шарқ шеърияти талаби билан, иккинчи тарафи, ҳиндлар таърифича, табиатидаги “дарвешшоҳ”лик сабаб, Бобур шеъриятида ўзини “ғариб”, “мискин”, “бечора” каби сифатлар билан аташдан тортинмайди. Баъзи ўринларда ҳатто элга шоҳу маҳбубага қул эканини таъкидлайди. Асосийси, унинг шеъриятидан уфуриб турадиган изҳори дил ўз соҳибининг дилкаш, очиқкўнгил, мард, бардошли, қатъиятли инсон эканидан далолат бериб туради. Бу жиҳатдан ғазалу рубоийлар “Вақоеъ”ни тўлдиради, Бобур шахсини янада яхшироқ ўрганишга ёрдам беради. Унинг “қилибтур” радифли бир ғазали Ҳиндистонда салтанат тузган вақтида битилган бўлиб, сатрлар муаллифнинг ҳасби ҳолини, арзи додини ифода этади. Ғазални ўқиган одамнинг кўз ўнгида оиласидан йироқда, бегона юртда юрган киши гавдаланади:

Бу Ҳинд ери ҳосилидин кўп кўнгул олдим,

Не судки, бу ер мени дилгир қилибтур.

Сендин бу қадар қолди йироқ — ўлмади Бобур,

Маъзур тут, эй ёрки, тақсир қилибтур.

Бобур ижодида бу каби ҳаётининг маълум пайти ва воқеаларига ишора қилгувчи ғазал ва рубоийлар кўп. Шуниси эътиборлики, бу шеър дурдоналари фақатгина шу жиҳати билангина эмас, балки ўша давр мумтоз шоирлари учун энг катта талаб бўлган “саноеъ нафиса” – нафис шеърий санъатлар билан безак берилгани, нуктадонлик билан яратилгани туфайли ҳам ўқишли. Бобур ийҳом, тажоҳули орифона, радди матлаъ, тазод, ташбеҳ, ички қофия сингари шоирона санъатлардан ғоят усталик билан фойдаланган. Сўз ўйинлари, маъно товланишларини ўринли ишлата билганки, бу унинг бемисл шеърий иқтидори, диди, нозиктаъблигидан далолат беради. Қуйидаги сатрларда ички қофиянинг ўз ўрнида қўллангани ғазалнинг оҳангдорлигини таъминлаш баробарида унинг мазмундорлигига ҳам ҳисса қўшганки, ўқиган кишининг тасаввур ойнасида шўх, нозли, ўзига ишончи баланд, мағрур ва ўйноқи Шарқ дилбари намоён бўлади:

Сен киби пуркор, шеваси бисёр,

Билмади, эй ёр, ҳеч киши ёд.

Жаврда нодир, зулмда моҳир,

Ишвада қодир, ғамзада устод.

Бобурнинг шеърияти ҳаётий хулосалар ифодаси ҳамдир. У ўз кўнглидан кечган кечинмаларини ўқувчиси билан бўлишар экан, гоҳида ҳаётий тажрибаларининг аччиқ хулосаларини-да очиқ баён қилиб ўтади. Яъни вафо қилмаганга вафо кўрсатмоқликдан қайтаради, севмаганни севмасликка, унутганни ёд этмасликка чақиради.

Ўзни, кўнгул, айш ила тутмоқ керак,

Бизни унутқонни унутмоқ керак,

дейди шоир. Бу сатрларни ўқиганда “Бобурнома” саҳифаларидан ўрин олган яхшилик кўриб, эвазига ёмонлик билан жавоб берган, мушкул пайтда ўзини йироқ тутган Бобур атрофидаги кимсалар тасвирини эслайди киши.

Туюқ – мумтоз шеъриятимиздаги нисбатан мураккаб жанр ҳисобланган. Шу билан бирга, шоирнинг ижодий салоҳияти шу жанрда тобланган, синовдан ўтган. Лутфий, Атоий, Навоийларга эргашган Бобур ҳам ўз шеърий қувваи ҳофизасига таяниб, бири биридан сермаъно ва етук туюқлар яратганки, улардаги шакли бир хил, маъноси турлича сўзлар воситасида юзага келтирилган нозик маъно ўйинлари ўқувчининг қалбини завққа тўлдиради.

Мени беҳол айлаган ёр ойдурур -

Ким, онинг васли менга ёройдурур.

Гар висоли бўлмаса, кетар ерим

Ё Хуросон, ё Хитой, ё Ройдурур.

Мазкур тўрт сатрлик шеърда шоир “ёрой” сўзини 4 хил маънода ишлатиб, маъно товланишига, шунинг воситасида шоирона фикр ҳосил қилишга эришган. Яъни дастлабки мисрада шеърий қаҳрамон кўнгил қўйган ёр – ой кабидир, деган маъно яширин. Кейинги мисрада ўшал ёр васли ошиқ дардига “яраши”, яъни даво бўлиши айтилган. Кейинги мисраларда шу фикр давом эттирилиб, агар ул ёр васли насиб қилмаса, ошиқ ё Хуросонга, ё Хитойга, ё Рой шаҳрига кетишни афзал кўриши изҳор қилинади. Ўқилишидаги равон, мусиқий оҳанг, фикр тугаллиги ва бир хил шаклдаги сўзнинг маъносига кўра турлича товланиб келиши шеърнинг мукаммаллиги, мумтоз шеърият талабларига тўла-тўкис жавоб беришини таъминлаган ва шоирнинг бу жанрни ҳам моҳирона эгаллаганидан далолат бериб туради.

Бобурнинг йўл-йўлакай, бирор амри фармон бериш, чигал муаммони ҳал этиш чоғида шеърий йўсинда айтилган, бадиҳагўйлик хусусиятига эга тўртликлари, қитъалари ҳам анчагинаки, уларнинг ҳар бири бобокалонимизга хос тез ва соз шеър айтиш, шеърий қолипда фикрлай олиш каби қобилиятларни намоён этади. Аслида Бобур шеърияти шу жиҳати билан янада ўқишли, янада севимлидир.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!