Меню
Қашқадарё
Фашистлар тутқунининг чўнтак соати набирасига қайтарилди
Концлагерь маҳбусининг 80 йил аввал немис миллатчилари томонидан тортиб олинган соати унинг набирасига қайтарилди. Бу ҳақда Bild манбаси хабар тарқатган.
Анжелика Контогеоргийни бобоси Василиос Контогеоргийга тегишли соатни топшириш учун Берлиндаги Греция элчихонасига таклиф этишган. У 1944 йил майда Нойенгамме концентрацион лагерига тушган. Немислар уни ўзи туғилган Волос шаҳри (Греция)да ҳибсга олиб, қаршилик кучлари жангчиси сифатида Германия ҳудудига жўнатган.
Грек Нойенгамме филиали ҳисобланган Зальцгиттер-Ватенштедт концлагерида мажбурий меҳнат билан шуғулланган, у ерда зотилжамдан азоб чекиб, озод этилганида атиги 38 килограмм вазнга эга бўлган. Василиос Контогеоргий немис миллатчилари қирғинидан омон қолиб, Грецияга қайтиб оила қурган. 1997 йилда вафот этган.
"У ёшлигида миллатчилардан кўрган даҳшатли муносабатларга қарамай, ҳеч қачон нафратни билмаган. Менга кўп нарсалар ўргатган", дея эслайди собиқ маҳбуснинг ягона набираси Анжелика.
SS хизматчилари маҳбусдан олган думалоқ чўнтак соати ўтган йиллар давомида Бад-Арользен шаҳридаги Қизил хоч халқаро қидирув хизматида сақланган. У 32820-рақамли маҳбус рақами ёзилган жигарранг конвертга жойланган.
"Бизнинг оила бу соат ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Мен учун орадан шунча йиллар ўтиб, бобомга тегишли шахсий буюмни қўлимга олиш жуда таъсирли", деган набира.