Меню
Қашқадарё
ФАРЗАНД КАМОЛИ - ОНА ИФТИХОРИ
Шу кунларда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида фарзандларини муддатли ҳарбий хизматга кузатаётган оналарнинг юз-кўзларида ҳам ана шу ҳиссиёт акс этган.
- Ўғлим Шокиржон ёшлигидан армияга боришга қизиқиб, шунга тайёрланиб юрар эди, - дейди Қарши шаҳри Арабхона маҳалласида яшовчи Ирода Алпонова. - Доимо спорт билан шуғулланди, керакли адабиётларни ўқиб ўрганди. Мана бугун барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўзи орзу қилганидек ҳарбий хизматга йўл олмоқда. Икки ўғил тарбиялаганман, келгуси йил кичик ўғлим ҳам ҳарбий хизматга бормоқчи. Ҳозир тинмай тайёргарлик кўраяпти. Албатта, ўғлимнинг Ватан ҳимоясига отланиши она сифатида менга жуда катта ғурур, фахр бағишламоқда. Ҳар бир онанинг орзуси шундай бўлса керак.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди. Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими катта шодиёнага айланди.
- Ҳарбий форма ўғлимга янада салобат, кўркамлик бахш этганини кўриб, кўзимга севинч ёшлари қуйилиб келди, - дейди Муборак туманилик Зулхумор Ҳудойқулова. - Тўғриси, фарзандимнинг мана шундай жасур ўғлон бўлиб вояга етгани, сафдошлари қаторида Ватанини ҳимоя қилиш учун жўнаб кетаётганидан қалбим фахрга тўлмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ҳарбий хизматнинг нуфузи юксаклиб, эндиликда армияга бориш йигитларимиз учун нафақат конституциявий бурч, балки шон-шараф ишига айланди. Президентимиз қарори билан 2019 йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг март-апрель ойларида бўлиб ўтиши ҳарбий хизматга борувчилар ва уларнинг ота-оналари учун яна бир қулайлик бўлди.
Тадбирда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ