Меню
Қашқадарё
Фаррош ва қоровулга маош ёзишди - улар мактабда бирор кун ишламаган
Айрим таълим ва тиббиёт муассасаларига "теккан касал" бор: ишламаган одамнинг номига маош ёзишади, ишлаб турганларга эса ошиқча иш ҳақи беришади. Албатта, бунда бирор манфаат борлиги аниқ, бироқ қонунга зид ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди, қолмаслиги керак.
Департаментнинг Муборак тумани бўлими томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда тумандаги 30-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган текширишда ҳам шундай ҳолатга дуч келинди. 2017 йилдан 2019 йил июль ойига қадар мактаб директори Ғ.З., директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Э.Ш. ва собиқ ҳисобчи Й.Б. олдиндан тил бириктирган ҳолда, амалда умуман ишламаган 3 нафар шахснинг гўёки фаррош ва қоровул сифатида ишлаши ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштиришади. Табелларни ҳам шунга қараб тўлдириб, давлат бюджети ҳисобидан 51 миллион 250 минг сўм миқдорида иш ҳақи ҳисоблашади ва шунча пулни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори талабларига зид равишда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқитувчи ва ходимларга ортиқча иш ҳақлари, рағбатлантириш маблағлари тўланиши натижасида 21 миллион 556 минг сўм талон-торож қилинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғ.З., Й.Б. ва Э.Ш.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг ҳукми билан жазо тайинланди.
Отабек ШОИМОВ,
департаментнинг Муборак тумани бўлими бошлиғи
Нормўмин СОАТОВ,
бошқарма бўлим бошлиғи