Меню

Қашқадарё

03.10.2024 577

ФАРОВОНЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИГАН ДАСТУР

 

Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури ҳақида

Бугун дунё миқёсида бир тенденция қарор топмоқда. Ижтимоий сиёсат ҳар бир давлат ривожланиши ва бошқарувининг, таъбир жоиз бўлса, таянч устунига айланаётганидир. Дарҳақиқат, жамиятдаги турли шахслар ҳамда гуруҳлар ўртасидаги тенгликни тартибга солишда, ижтимоий адолат ва ижтимоий мувозанатни таъминлашда унинг ўрни беқиёс.

Ижтимоий адолат ҳукмрон бўлган давлат барпо этишни ўзининг энг олий мақсади, деб билган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар айнан шу мақсадга қаратилган. 

Сайловолди дастуримизда партиянинг сиёсий майдондаги "сўл" позициясига хос ва мос равишда социал-демократик ғояларни ифодаловчи вазифаларга алоҳида устуворлик берилган.

Бу йилги Сайловолди дастуримиз 10 та йўналишда 15 та стратегик қадамдан иборат устувор мақсадлар ўрин олган.

Биринчи йўналиш. Ижтимоий барқарорликнинг таянчи бўлган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга интиламиз!

Ушбу йўналишда ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Шу боис, давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Давлат ўз фуқаролари учун ғамхўрлик қилиши керак. Шу мақсадда имтиёзга эга бўлган фуқаролардан ташқари бошқа оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар тоифаларини ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини қонунчиликда аниқ белгилаш лозим.

Мазкур йўналишда бир қатор ҳаётий заруратга айланиб бораётган ташаббуслар ўрин олган. Бунда, аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини тўлиқ қўшиб ҳисоблаш керак, деб биламиз.

Эр ёки хотини вафот этганда ҳамда вафот этган шахс кўпроқ пенсия олган тақдирда, ушбу пенсияни унинг ҳаёт бўлгтан турмуш ўртоғига ўтказиб бериш (пенсияни алмаштириш) тартибини жорий этиш кўзда утилмоқда.

Биз фуқароларни жамғариб борилаётган пенсия маблағларини бошқариш, уларни доимий равишда онлайн равишда кузатиш, банкка депозитга қўйиш орқали кўпайтириб бориш имкониятини бериш керак, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчи йўналишда аҳолини арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматларини таъминлаш билан боғлиқ ташаббуслар ўрин олган.

Бунда ХДП фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, бунинг учун арзон уй-жой қурилишини кенгайтиришга қатъий ҳаракат қилади.

Мазкур йўналишдаги ташаббуслар иккита қадамда ўз ифодасини топади. Хусусан, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш ҳамда қурилиш соҳасида самарали назорат ўрнатиш кўзда тутилган.

Биз "Ижтимоий турар жойлар тўғрисида"ги Қонунни қабул қилишни мақсад қилганмиз. Унда уй-жойсиз, яшаш шароити ўта оғир, ногиронлиги бўлган ёки оила аъзолари орасида ногиронлиги мавжуд аёллар, оилавий болалар уйлари битирувчилари учун ижтимоий турар жойлар қуриш назарда тутилади.

Бундан ташқари, фуқаро коммунал хизматлардан асоссиз ёки таъминотчининг айби билан узилган тақдирда таъминотчи томонидан фуқарога компенсация тўлаш тизимини жорий этиш каби ташаббуслар ўрин олган.

Сайловолди дастурнинг учинчи йўналиши шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Бунда партия шаҳарлар ва аҳоли пунктларини тарихий қиёфасини сақлаш, табиий ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларини кучайтиришни мақсад қилган.

Қолаверса, ушбу йўналишда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз билан биргаликда шаҳар ҳудудларида сув тошқинларининг олдини олиш мақсадида дренаж тизимини қайта кўриб чиқиш, электр жамоат транспорт воситалари улушини кўпайтириш, бепул электр қувватлаш станцияларини ташкил этиш учун фаол иш олиб боришни мақсад қилганмиз.

Сайловолди дастуримизнинг тўртинчи йўналишида барча учун малакали тиббий хизмат имкониятларини яратиш бўйича ташаббуслар ўрин олган. Хусусан, шу йўналишдан ўрин олган еттинчи қадамда малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Партиямиз тиббий суғуртани жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида "Давлат тиббий суғурта тўғрисида"ги Қонунни қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

Биз дори ва тиббий буюмларнинг нархлари бўйича чекловларни белгилаш юзасидан "Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида"ги Қонунни қабул қилиш муҳимлигига эътибор қаратганмиз. Ишонамизки, дори-дармон ва тиббий воситаларнинг нархлари давлат томонидан тартибга солиниши аҳолини ортиқча ташвишлардан халос этади.

Замонавий тиббиёт ва халқ табобатини қўшган ҳолда даволаш стандартларини (протоколларини) жорий этиш орқали дорига қарамликни камайтириш ташаббусини ҳам илгари сурамиз.

Сайловолди дастурнинг бешинчи йўналиши ёшларнинг сифатли таълим олишига қаратилган.

Биринчи навбатда, "Ягона ижтимоий реестр"да рўйхатга олинган оила фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган тўловдан озод қилишни назарда тутяпмиз.

Мактабларда овқатлантириш тизими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, зарарли озиқ-овқат маҳсулотларини сотишнинг олдини олиш ва бошланғич синфларда ўқувчилар сонини 20 нафардан оширмаслик, катта синфларда эса 24 тагача ўқувчи ўқитиш тизимини яратиш тарафдоримиз.

Биз мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш керак, деб ҳисоблаймиз.

Дастуримизнинг олтинчи йўналиши Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти - кучли ижтимоий сиёсатнинг асосидир, деб номланади.

Унда иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда банк-кредит соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар ўрин олган.

Партиямиз стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш тарафдори. Бунга сабаб, энергетика, транспорт ва мудофаа саноати каби стратегик муҳим соҳалар миллий хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Дастуримизда вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш кўзда тутилган.

Дастуримиздаги еттинчи йўналиш товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш - манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналиши, деб номланган. Партиямиз ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим, деб ҳисоблайди.

Эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш масаласига эътибор қаратилган.

Партиямиз ипотека кредити тўлови бўйича қарздорлик юзага келганлиги сабабли гаровга қўйилган кўчмас мулкни аукционда сотишдан олдин кредит олган шахсга уч ой муддатда ушбу кўчмас мулкни уч томонлама олди-сотди шартномаси асосида ўзига қулай нархда сотиш имконини бериш керак, деб ҳисоблайди.

Сайловолди дастурнинг саккизинчи йўналишида ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари ва жойлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтини жорий этиш, давлатнинг айрим функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш, сиёсий партиялар, депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш каби таклифлар ҳам ушбу йўналишда ўз ифодасини топган.

Дастуримизнинг тўққизинчи йўналишида қонун устуворлиги, ижтимоий тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар акс этган.

Партиямиз қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш асосида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш учун қатъий ҳаракат қилади. Жумладан, суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилишга қаратилган ташаббуслар ўрин олган.

Дастурдаги сўнгги, ўнинчи йўналишда миллий манфаатларга асосланган очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни изчил давом эттириш билан боғлиқ ғоялар мужассамлашган.

Хусусан, минтақавий барқарор ижтимоий ривожланиш, муқобил энергетика ва замонавий тиббиёт соҳаларида инновацион дастурлар ҳамда лойиҳаларни халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширишни мақсад қилган.

Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури билан танишган ҳар бир сайловчи унинг кенг аҳоли қатлами вакиллари манфаатларини акс эттиргани, ғоя ва ташаббуслар том маънода вақт синовидан ўтган чуқур асосга эгалиги, партиянинг пировард мақсади халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш эканлигига тўлиқ амин бўлади.

Халқ демократик партияси ва депутатликка номзодларига овоз беринг!

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!