Меню
Қашқадарё
ФАРОВОНЛИК ВА БУНЁДКОРЛИК ПРОПОРЦИЯСИ
Бир пайтлари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган бу каби қулайликлар бугун ёнимизда. Шаҳарда ҳам бор, қишлоқда ҳам. Тобора обод ва гўзал бўлиб бораётган аҳоли манзилларида одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш ҳамда ҳамюртларимизга юқори савияда маданий хизмат кўрсатиш мақсадида дам олиш масканлари, маданият марказлари, истироҳат боғлари, спорт иншоотлари қад ростламоқда.
Мисол учун 2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ вилоятимиздаги 13 та маданият ва истироҳат боғи замонавий кўринишга келтирилди. Қарши шаҳри ва Муборакда 2 тадан, Китоб, Нишон, Ғузор, Яккабоғ, Қамаши, Шаҳрисабз, Касби, Чироқчи ва Косон туманларида биттадан истироҳат боғи тубдан реконструкция қилинди ва улар бугун аҳоли хизматида.
Яна бир муҳим ҳужжат - Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эса айни пайтгача вилоятимизда 16 та объект тубдан реконструкция қилиниб, маданият ва аҳоли дам олиш марказларига айлантирилди. Энг муҳими, бу масканлар доимо, эртаю кеч одамлар билан гавжум. Бу истиқлолнинг шарофати, фаровон турмуш кўзгуси эмасми!
- Марказларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшларнинг амалий ва тасвирий санъат, рақс, созандалик, хорижий тиллар, спорт тўгаракларида ўз маҳоратини ошириши учун барча қулайлик яратилган, - дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олимжон Маматов. - Энг муҳими, бугун бундай даргоҳларга эътибор ортиб бораяпти. Тўгаракларга аъзо бўлиш истагидаги ёшлар кун сайин кўпаяётгани кишини хурсанд қилади.
Мисол учун, маълумотларга кўра, 650 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ эвазига янгиланган Чироқчи маданият ва аҳоли дам олиш марказининг биргина ижодкор ёшлар клубига ҳозирга қадар оз эмас, кўп эмас 108 нафар ёш аъзо бўлган. Марказ томонидан бу ёшларнинг бадиий ижод намуналари жой олган иккита баёз чоп эттирилди. Интилишларининг ҳосиласини кўрган ёшлар ижод сирларини янада пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилишмоқда.
- Марказимизда бундан ташқари рассомчилик, рақс, бахшичилик, бичиш-тикиш, анъанавий ашулачилик тўгараклари ҳам ишлаб турибди, - дейди марказ директори Ойбек Эшонов. – Улар доим гавжум. Қолаверса 390 ўринли концерт залимиз доимо банд. Шанба ва якшанба кунлари маҳаллий хонандаларимиз концерт қўйиб беришади. Ҳафтанинг бошқа кунлари эса ҳар куни уч маҳалдан кинофильм намойиш этамиз. Айниқса, кечки салқинда одам кўп бўлади.
Шуниям таъкидлаш керакки, марказ қошида бир эмас, иккита халқ ансамбли фаолият юритмоқда. “Чироқчи чироқлари” фольклор-этнографик ансамбли ўз сафида 29 нафар аъзони жамлаган бўлса, “Олтин қўллар” ашула ва рақс ансамблида 27 нафар иштирокчи бор. Улар қадимий халқ қўшиқлари, лапарларини кенг намойиш қилиш, келажак авлодга етказиш йўлида хизмат қилмоқда.
- Қирқдан зиёд қадимий қўшиқларни тўплаб, “Мозий жавоҳири” деб номланган китоб чиқардик, - дейди “Чироқчи чироқлари” фольклор-этнографик ансамбли фидойиларидан бири, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳамро Муродова. – Улар унутилиб кетмасин, келажак авлод ҳам аждодларимиз заковатидан баҳраманд бўлсин деган мақсадда қўл урдик бу ишга. Қолаверса, юртимиздаги ҳар қандай байрам, шодиёна кунлар бизсиз ўтмайди. Ўша тадбирларда қадимий қўшиқларни, лапарларни тарғиб қилаяпмиз. Аҳоли маънавиятини юксалтиришга озми, кўпми ҳисса қўшолсак, бундан фақат хурсанд бўламиз.
Чироқчидаги бу марказ фойдаланишга топширилиши билан туманда ўзига хос маданият ва спорт мажмуаси пайдо бўлди. Яъни тумандаги маданият ва истироҳат боғи, болалар мусиқа ва санъат мактаби, марказий стадион ҳамда маданият ва аҳоли дам олиш маркази яхлит мажмуани ҳосил қилди.
Вилоятимиздаги яна бир маданият ва аҳоли дам олиш маркази яқиндагина фойдаланишга топширилди. Миришкор туманида 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига реконструкция қилинган Помуқ маданият ва аҳоли дам олиш марказида йўлга қўйилган доира, рубоб, анъанавий ашулачилик, тасвирий санъат тўгаракларига, фольклор дастасига аъзо бўлишни истовчилар кўпчиликни ташкил этмоқда. Тозагул Андаева марказ қошида “Тозагул” туркман фольклор дастасини шакллантирмоқчи. Унинг сўзларига кўра, ҳозирданоқ бу дастага аъзо бўлишни истаган ёшлар сони ўндан ошган. Марказда 250 ўринли концерт зали, кенг ва кўркам хоналар аҳоли хизматида бўлади.
Умуман олганда, Деҳқонободдаги Оқиртма, Қамашидаги Қизилтепа, Қарши туманидаги Кожор, Касбидаги Гулшан, Миришкордаги Жейнов, Муборакдаги Сардоба, Нишондаги Пахтазор қишлоқларида, қолаверса бир нечта туманнинг марказида ташкил этилган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари аҳолининг маданий эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда маданий-маърифий ва кўнгилочар хусусиятга эга бўлган хилма-хил хизматлар кўрсатиш, ҳаваскорлик, бадиий ижод ва амалий санъат билан шуғулланувчилар учун шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси объектларини сақлаб қолиш ва кўпайтириш, замонавий студиялар ва тўгаракларни, шунингдек, бадиий ҳаваскорлик жамоалари фаолиятини йўлга қўйиш учун айни муддао бўлди.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда аҳолининг фаровон турмуши ва бунёдкорлик бобида амалга оширилаётган ишлар ўзига хос пропорция, мутаносиблик касб этаяпти. Вилоятимизда бунёд бўлган истироҳат боғлари, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, рангин ва мусиқали фавворалар ана шу пропорция ҳосиласидир.
Толиб ТЕМИРОВ