Меню
Қашқадарё
ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНЛАРИ
Ватанпарварлик фестивали
Сўнгги йилларда мамлакатимизда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил топган санани ўзгача шакл ва шукуҳда нишонлаш анъанага айланиб бормоқда.
Бу йил ҳам Президентимизнинг тегишли фармойишига асосан 2019 йилнинг 15 декабридан жорий йилнинг 15 январига қадар мамлакатимизда "Ватанпарварлик ойлиги" эълон қилиниб, унинг доирасида ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш ва ҳарбий касбга нисбатан қизиқиш, қолаверса, кучли ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлашга қаратилган турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Улардан бири Шаҳрисабз шаҳрида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали кўринишида ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган фестивалда ҳарбий хизматчилар, соҳа фахрийлари, Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари, фаол ёшлар ҳамда турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Фестиваль шу куни эрта тонгдан Амир Темур майдонида, Соҳибқирон ҳайкали пойида мадҳиямиз садолари ва ҳарбий оркестр ижросидаги тантанавор мусиқа, ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан бошланди. Бунинг ўзига хос рамзий маъноси ҳам бор. Буюк бобокалонимиз бошлаб берган миллий давлатчилик анъанаси бугун ҳам бардавом эканлиги, мустақил мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиб, кучу қудрати юксалиб бораётгани намойишидир бу.
Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг турли жанговар элементларни ўзида мужассам этган кўргазмали чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
- Ўғлим Асадбекнинг ҳам орзуси - ҳарбий бўлиш, - дейди Шаҳрисабз шаҳрилик Нигора Юсупова. - Шу боис уни фестивалга олиб келгандим. Фестивалда иштирок этиб, ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган турли чиқишларни томоша қилганидан кейин фарзандимнинг ҳарбий соҳага қизиқиши янада ошди, масъулиятли ва шарафли касб эгаларининг фаолияти ҳақидаги тасаввури кенгайди.
Вилоятимизда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги бу каби тадбирлар давом этмоқда.
ЖАҲОНГИР